Шаҳбоз Шариф 4 март куни қасамёд қилди ва Покистон Бош вазири лавозимини расман эгаллади. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Парламент бир кун аввал 72 ёшли сиёсатчини ҳукумат раҳбари этиб сайлади. Шаҳбоз Шариф учун 201 депутат овоз берган бўлса, унинг рақиби Умар Аюб Хон 92 овоз олган.
Покистоннинг Geo.tv нашри қайд этишича, Шаҳбоз Шарифнинг ғалабаси кутилган эди, чунки уни ўзининг Покистон мусулмонлар партиясидан (Наваз или PML-N) ташқари, етти партия қўллаб-қувватлаган.
ℹ️ Шаҳбоз Шариф уч марта Покистон Бош вазири лавозимида ишлаган Навоз Шарифнинг укаси. Шаҳбоз Шариф Покистон коалицион ҳукуматини 2022 йил апрелидан – Имрон Хон ҳокимиятдан ағдарилганидан сўнг – парламент тарқатиб юборилган 2023 йил августигача бошқарган.
2024 йил февраль ойи бошида Покистон Миллий Ассамблеясига сайловлар бўлиб ўтди. Ҳеч бир партия ҳукуматни шакллантириш учун зарур бўлган парламентдаги кўпчилик овозни қўлга кирита олмади. Натижада бошқаларига қараганда кўпроқ мандат олган (336 мандатдан мос равишда 75 ва 54 мандат) икки партия — PML-N ва РРР (Pakistan Peoples Party — Покистон халқ партияси) ҳукумат тузиш учун коалиция тузди.
ℹ️ Шаҳбоз Шариф иқтисодиётни мустаҳкамлаш ва АҚШ билан муносабатларни яхшилашни ўз ҳукуматининг устувор вазифалари деб атади, деб эслатади ТАСС. Имрон Хон даврида Исломобод Москва ва Пекин билан алоқаларни кучайтиргани боис Вашингтон билан алоқалар ёмонлашганди ва АҚШ Покистонга йилига 1,3 миллиард долларлик ҳарбий ёрдамини музлатиб қўйган. Шаҳбоз Шариф ҳукумати Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) билан 3 миллиард долларлик қўшимча молиявий ёрдам пакетини қўлга киритишга ва дефолт олдини олишга эришолди.