Ҳуқуқ ҳимоячилари: Эрон ҳукумати ўтган йили камида 834 кишини қатл этган

asiaplustj.info сайти фотосурати

Эронда 2023 йили камида 834 киши қатл этилган, бу саккиз йил ичида энг юқори кўрсаткичдир. «Эронда инсон ҳуқуқлари» ва «Биргаликда ўлим жазосига қарши» ташкилотлари ҳисоботига кўра, ўлим жазоси билан боғлиқ ҳукмлар сони бурунги йилга нисбатан 43 фоизга ошган.

Таҳлилчилар ўз материалларида тахминий маълумот келтиришганини айтишади. Масалан, уларда ҳисобот даврида амалга оширилган яна 46 та қатл ҳақида маълумотлар бор, бироқ бу маълумотлар етарлича ишончли манбалардан олинмагани учун якуний ҳужжатга киритилмаган.

Аниқлик киритилишича, Ислом Республикаси расмийлари атиги 215 та қатл ҳақидаги маълумотни расман эълон қилган, бу оғир жазоларни ижро этиш ҳолатлари умумий сонининг 15 фоизини ташкил этади.

Ҳуқуқ ҳимоячилари мазкур салбий статистикани Эрон ҳукумати фуқароларни митинглар ёки шунга ўхшаш бошқа норозилик намойишлари пайтида фикр билдиришдан бош тортишлари учун қўрқитмоқчи экани билан изоҳлайдилар. Эслатиб ўтамиз, 2022 йил охирида мамлакатни митинглар тўлқини қамраб олганди, бунга 22 ёшли Маҳса Аминининг ўлими сабаб бўлганди. Теҳронлик қиз ҳижобни «нотўғри» кийгани учун ахлоқ полицияси томонидан ҳибсга олинган, шариат қоидалари ҳимоячилари билан «суҳбатдан» сўнг қиз комага тушиб қолади ва тез орада вафот этади.

Шундан сўнг мамлакатда оммавий норозилик намойишлари бошланиб кетади, эронлик аёллар намойишкорона тарзда ҳижобларини ёқиб, сочларини қирқишади. Натижада «Аёл, ҳаёт, эркинлик» шиори остида бутун бир ҳаракат шаклланади. Митинглар ҳибсга олишлар ва полициянинг шафқатсиз ҳаракатлари билан қоришиб кетган. Вазият бир неча ойдан кейин нормал ҳолатга қайтади.

«Жамиятда қўрқув уйғотишҳокимиятни сақлаб қолишнинг ягона йўли, ўлим жазоси эса режимнинг энг муҳим қуролидир»,дея Эрондаги Инсон ҳуқуқлари ташкилоти директори Маҳмуд Амери-Муғаддам статистикага изоҳ беради.

Шу билан бирга, тадқиқот муаллифлари ўтган йили фақат саккиз нафар норозилик митинги иштирокчиси қатл этилгани ҳақида маълумот беришади. Ҳукмларнинг аксарияти гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноятлар учун судланган шахсларга тегишли — 471 киши (жами 56%). Яна 282 нафар фуқаро (тахминан 34 фоиз) суд томонидан қотилликда айбдор деб топилгани учун қатл этилган.

Қайд этилишича, қатл этилганлар орасида икки нафар эронлик вояга етмаган бола ва 22 нафар аёл бўлган. Охирги кўрсаткич 2013 йилдан бери рекорд ҳисобланади.

2010 йилдан жорий йил январига қадар Ислом Республикасида қарийб саккиз минг киши қатл этилган, дея хулоса қилади халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари вакиллари.

2023 йил май ойида БМТ Эрондаги қатлларни қоралади. Баёнотга Маҳса Амини ўлимидан сўнг норозилик намойишларида қатнашган ва полиция ходимлари ўлимига алоқадорликка айбланган маҳаллий уч кимсага нисбатан чиқарилган ҳукм сабаб бўлган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ