Қозоғистон Тожикистонга ёрдам сифатида 15 минг тонна мазут етказиб берди

gov.kz сайти фотосурати

Қозоғистон Тожикистонга инсонпарварлик ёрдами сифатида 15 минг тонна мазут етказиб берди, деб хабар қилади Қозоғистоннинг Тожикистон Республикасидаги дипломатик ваколатхонаси матбуот хизмати.

12 март куни Қозоғистон элчиси Валихон Туреханов Тожикистон ҳукумати ҳузуридаги Давлат моддий захиралари агентлиги директори ўринбосари Соҳибжон Зиёдуллоевга ёқилғи сертификатини топшириб, ёрдам Президент Қосим-Жомарт Тўқаев топшириғига биноан кўрсатилганини таъкидлади. Бу мамлакатнинг муҳим энергетика объектларининг барқарор ишлашини таъминлаш учун мўлжалланган.

Республикага етказиб берилган мазутнинг нархи 2,5 миллиард тенгега (5,65 миллион долларга яқин) баҳоланади. Гуманитар юкларни етказиб бериш Қозоғистон халқаро тараққиёт агентлиги «KazAID» кўмагида амалга оширилмоқда.

Хабарда айтилишича, Қозоғистон томони 2006 йилдан бери Тожикистонга пул кўринишида етказган гуманитар ёрдамнинг умумий ҳажми 50 миллион доллардан ошади.

Kursiv.kz эслатганидек, мазут иссиқлик электр станциялари учун ёқилғи, шунингдек, маҳсулот ишлаб чиқариш учун хом ашё ҳисобланади. Қозоғистон иссиқлик электр станцияларида мазут захираси бор, лекин улар ундан доимо фойдаланишмайди, арзонроқ кўмирни афзал кўришади.

Айни пайтда, маҳаллий Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, Тожикистон ўтган йили 23 минг тоннага яқин мазут импорт қилган. Ўтган йили мамлакатнинг ўзида мазкур ёқилғининг атиги 3,9 минг тоннага яқини ишлаб чиқарилган, деб ёзади Asia Plus. Тожикистонда мазут асосан Душанбе иссиқлик электр станцияси томонидан куз-қиш даврида иссиқлик таъминоти ва электр энергияси ишлаб чиқариш учун ишлатилади

Шунингдек, нашрнинг қайд этишича, мамлакат пойтахти Душанбенинг катта қисми айни электр тақчиллиги шароитида иссиқлик станциялари томонидан электр энергияси билан таъминланмоқда. Шу билан бирга, вилоятлар аҳолиси кунига бир неча соатгина электр энергияси олади. Февраль ойининг охиридан бошлаб пойтахтда ҳам электр энергияси вақти-вақти билан ўчирила бошланди.

  • Исроилнинг Эронга ҳужуми ядровий таҳдидни тинч ва куч ишлатиш йўли билан ҳал этиш сценарийларига таъсир қилгани ҳақида

  • Қирғизистон жанубида юзлаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлган миллатлараро можарога 15 йил тўлди

  • Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2026 йилги жаҳон чемпионатида иштирок этади

  • Қозоғистон газни қайта ишлаш заводи қурилиши юзасидан Ғарб инвесторлари билан очиқ можарога киришди