Россия мусулмонлари етакчиси, муфтий шайх Равил Ғайнутдин «Крокус Сити Холл»даги теракт вақтида юздан ортиқ одамни хавфсиз жойга олиб чиққан қирғиз оиласида тарбия топган 15 ёшли Ислом Халиловни мукофотга тақдим этди. Ўсмир «Хизматлари учун» медали билан тақдирланади, дейилади РФ Муфтийлар кенгаши сайтида.
Аниқлик киритилишича, Гайнутдин Халилов ва унинг отасига жума куни Москва жоъме масжидига ташриф буюриши учун шахсий таклифнома юборган. Бу ерда, Жума намозидан сўнг Исломни мукофотлаш маросими бўлиб ўтади.
Муфтийлар кенгаши маълумотларига кўра, кечқурун қуролли жиноятчилар концерт мажмуасига бостириб киришганида, Халилов «Крокус Сити Холл» гардеробида ишлаган. Ўсмир фавқулодда вазиятда қандай йўл тутишни эслаган ва йўриқномага амал қилган.
«Террорчилик ҳужуми пайтида у одамларни эвакуация қилишни ўз қўлига олган ва йўриқномага мувофиқ ҳаракат қилган, одамларни хизмат йўлаги орқали кўчага — хавфсиз жойга олиб чиқишга муваффақ бўлган», — деб хабар беради muslim.ru сайти.
Россия матбуоти қўшимча қилишича, РФ Тергов қўмитаси 15 ёшли мактаб ўқувчисига идоравий мукофот топширишни режалаштирмоқда. Бундан ташқари, Давлат Думаси депутатлари парламент қуйи палатаси спикери номига Халиловга фахрий ёрлиқ беришни сўраб мурожаат тайёрламоқда.
Sputnik Кыргызстан хабарига кўра, Ислом Халилов Россияда туғилган, бироқ унинг ота-онаси мамлакатга Марказий Осиё республикасидан келган. Отаси Жалолобод вилоятининг Сузоқ туманидан, онаси Ўш вилоятининг Ўзган туманидан.
Бу маълумотни Қирғизистон президенти Администрацияси матбуот хизмати раҳбари Дайирбек Орунбеков тасдиқлаб, бола отасининг исми Бахтиёр, онасининг исми Айпери, Ислом эса оиладаги уч фарзанднинг тўнғичи эканини қўшимча қилади.
Орунбеков Facebookдаги (РФда экстремистик деб тан олинган Meta копрациясига тегишли тармоқ) саҳифасида ўсмир ва унинг ота-онаси билан видеосуҳбатни эълон қилган. Мактаб ўқувчисининг айтишича, оддий иш куни бўлган, кўнгилочар марказнинг биринчи қаватида ғалати товушлар тинчликни бузган. Ислом аввалига эскалатор бузилиб қолган ёки маст гуруҳ залда ғала-ғовур қилиб юрибди, деб ўйлаган.
«Кейин одамлар қочишиб, қичқира бошлашди. Мен имкон қадар тезроқ ҳаракат қилиш кераклигини тушундим. Шок ҳолатида тураверсам, нафақат ўз ҳаётимни, балки юзлаб одамларни ҳам йўқотишимни тушундим. Оломон орасида бўлганимда, улар [террорчилар] отишади ёки граната улоқтиришади, деб ўйлагандим, лекин эшикни очишга муваффақ бўлдим ва ҳаммамиз «Экспо»га югуриб чиқдик», — дея ўз хотиралари билан ўртоқлашган ўсмир.
Боланинг онаси бу мудҳиш воқеалар чоғида боласини омон кўрганидан қувонганини, Худога шукроналар келтирганини қўшимча қилади.
«У шок ҳолатида эди. Мен ўзимни қўлга олиб, унга далда бўлишга ҳаракат қилдим. Албатта, биз у билан жуда фахрланамиз», — дейди Айпери.
ℹ️ 22 март куни Москва вилоятининг Красногорск шаҳридаги «Крокус Сити Холл» концерт залида «Пикник» рок гуруҳи концерт бериши пайтида теракт содир бўлди. Камуфляж кийган ва қуролланган бир неча киши мажмуага кириб, одамларни ўққа тута бошлаган. Улар концерт залига кириб, у ерда ўт қўйишган, ёнғин бинонинг тўрт қавати ва томини қамраб олган. Кейин террорчилар кийимларини алмаштириб, жиноят жойидан қочиб кетишган. Кейинроқ гумонланувчилар қўлга олингани, уларнинг барчаси Тожикистон фуқаролари экани аниқланган.
23 март куни кечқурун РФ Тергов қўмитаси теракт оқибатида 133 киши ҳалок бўлганини маълум қилди. Фавқулодда ҳодисада жабрланганлар сони 150 кишидан ошган.