Шикастланган Азмун Ашхободга «туркман халқига бўлган муҳаббати» туфайли келган

Сердар Азмун (чапда) Ашхободда. «Туркменистан.Новости футбола» Telegram-канали фотосурати

Эрон миллий терма жамоаси ва Италиянинг «Рома» клуби ҳужумчиси, этник туркман Сердар Азмун олган жароҳатига қарамай, Туркманистон ва Эрон терма жамоалари ўртасидаги Жаҳон чемпионатининг иккинчи саралаш босқичи 4-тур учрашувини кўриш учун Ашхободга келди.

21 март куни Теҳронда бўлиб ўтган Эрон ва Туркманистон терма жамоалари ўртасидаги биринчи ўйинда Азмун жароҳат олган ва мезбонларнинг йирик 5:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунлангани Сердор томонидан киритилган голлардан бири ҳисобланади. Учрашувдан кейин ҳужумчи тез ёрдам машинасида стадиондан шифохонага олиб кетилган. Футболчи оғир жароҳат олгани ва олти ойгача ўйнолмаслиги ҳақида маълумотлар пайдо бўлди. Бироқ, орадан бир неча соат ўтиб Эрон футбол федерацияси матбуот хизмати Азмуннинг сон пайида зўриқиш борлиги ва футболчининг оёққа туришига тахминан уч ҳафта керак бўлишини маълум қилди.

Бироқ жароҳатига қарамай, Сердар Азмун 26 март куни бўлиб ўтадиган ўйин учун Эрон терма жамоаси билан Ашхободга етиб келди ва бу ҳам эронликлар, ҳам туркманистонликлар, ҳаттоки Италия оммавий ахборот воситаларида саволлар туғдирди. Ўйиндан олдинги матбуот анжуманида бу савол биринчилардан бўлиб Эрон терма жамоаси бош мураббийи Амир Галенойга берилганди.

«Сердар – халқаро микёсдаги футболчи. Дастлабки ўйинда олган жароҳатидан сўнг у даволанишни давом эттириш учун Эрон терма жамоаси билан Туркманистонга келди. Қолаверса, Азмуннинг туркман халқига нисбатан муҳаббати баланд», — дея мураббий сўзларини келтиради «Туркменистан. Новости футбола» Telegram-канали.

Эслатиб ўтамиз, Эрон терма жамоаси ғалаба қозонган тақдирда, жаҳон чемпионатининг Осиёдаги учинчи саралаш босқичига муддатидан олдин йўлланмани қўлга киритади. Туркманистон терма жамоаси мағлубиятга учраган тақдирда гуруҳдан чиқиш имкониятини йўқотади.

Сердар Азмун — замонамизнинг энг машҳур эронлик футболчиларидан бири ҳисобланади. Турли вақтларда у Россиянинг «Рубин», «Ростов» ва «Зенит», Германиянинг «Байер» клубларида тўп сурган, ҳозир эса Италиянинг «Рома» клубида ўйнамоқда. Шу билан бирга, футболчи ўз авлодини унутмайди, у туркман эканлигини мунтазам таъкидлайди, ҳатто бир марта «Зенит» сафида ўйнаб, Россия кубоги маросимига туркман миллий либосида — қизил чопон ва оқ телпакда ҳозир бўлганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ