Қирғизистон Рақамли ривожланиш вазирлиги TikTokни блоклашни буюрди

dexerto.com сайти фотосурати

Қирғизистон Рақамли ривожланиш вазирлиги интернет-провайдерларга TikTok ижтимоий тармоғига киришни чеклашни сўраб хат йўллади. Бу ҳақда вазир маслаҳатчиси Мээрим Искакова маълум қилди, дея хабар беради AKIpress.

Тармоққа киришни чеклаш учун асос Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг (МХДҚ) хати бўлган. Унда айтилишича, TikTokда «контентни цензура қилиш учун тизимли ва принципиал ёндашув йўқ», платформанинг «болалар ахборот маконида» эса, зўравонлик ва бошқа ҳаётга хавф туғдирувчи ҳолатларни тарғибот қилувчи маълумотлар тарқатилади.

Шундай қилиб, TikTok «Қирғизистон Республикасида болалар соғлиғига, уларнинг жисмоний, интеллектуал, ақлий, руҳий, маънавий ривожланишига зарар етказилишининг олдини олиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қонуннинг 2-1-моддаси («Болалар соғлиғи ва ривожланишига зарар етказувчи маълумотлар турлари»)га амал қилмайди», — дея тушунтирди Искакова.

Қирғизистон ОАВ ўқувчилари ўртасида ўтказилган сўровларга кўра, баъзи интернет-провайдерлар аллақачон TikTokга киришни тўсиб қўйган.

«Чегара билмас мухбирлар» (RSF) халқаро ташкилоти бундан хавотир билдирди.

«Вояга етмаганларни ҳимоя қилиш баҳонасида ушбу қарор одамларнинг интернетдаги маълумотларга кириш ҳуқуқини чеклайди. RSF [Қирғизистон] ҳукуматини бу ўзбошимчалик билан блоклашни бекор қилишга ва платформаларни тартибга солиш борасида аниқ ҳуқуқий базани белгилашга чақиради», — дейилади ташкилотнинг Х (собиқ Twitter)даги баёнотида.

ℹ️ Бу машҳур ижтимоий тармоққа киришни чеклашга бўлган биринчи уриниш эмас. 2023 йил август ойида Қирғизистон Маданият, ахборот ва спорт вазирлиги Рақамли ривожланиш вазирлигига TikTokни блоклаш талаби билан мурожаат қилганди. Вазирлик ижтимоий тармоқни томоша қилаётган ўсмирлар ҳаётига хавф туғдириши мумкин бўлган видеоларни ўз ҳаётида такрорлашга уринишаётганидан хавотирда бўлган бир қатор нодавлат ташкилотларининг шикоятларини келтириб ўтган.

Бир неча кундан сўнг, сентябрь ойи бошида TikTokнинг Шарқий Европа ва Марказий Осиёдаги ҳукумат билан алоқалар ва корпоратив ишлар бўйича директори Сергей Соколов Бишкекка учиб келган. Декабрь ойида Рақамли ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Алоқа соҳасини тартибга солиш ва назорат қилиш хизмати раиси Алтинбек Тўкторбаев ижтимоий тармоқ вакиллари билан маълум келишувга эришилгани ва TikTokга киришни чеклаш масаласи кун тартибидан олиб ташланганини маълум қилганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда ҳарбий марш бўлиб ўтди

  • Алия Назарбоеванинг рейдерлик билан боғлиқ можаро марказида қолгани ва нега бу ишни ҳеч ким тергов қилишни хоҳламаётгани ҳақида

  • Қирғизистон президенти келтирган далиллар ва халқаро ташкилотларнинг «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун имзоланишига муносабати

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди