Қозоғистон томонидан Украина Қуролли Кучлари (УҚК) эҳтиёжлари учун фойдаланишдан чиқарилган ҳарбий самолётлар сотилгани ҳақидаги маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайди, деб хабар қилади савдо аукциони ўтказган «Казспецэкспорт» давлат корхонаси. Бу ҳақда сохта хабарларга қарши курашиш учун Қозоғистон расмийлари кўмагида яратилган Stopfake.kz сайти хабар берди.
Хабарда таъкидланишича, хорижий компанияларга савдо қилишга рухсат берилмаган. У (савдо) қонун ҳужжатларига мувофиқ Қозоғистонда рўйхатдан ўтган ва тегишли лицензияга эга юридик шахслар ўртасида ўтказилган. Савдонинг мажбурий шарти -олинган ускунани тугатиш бўлган.
«Утилизация қилиш жараёни тўлиқ баланс эгалари томонидан назорат қилинади. Тузилган шартномалар шартларига мувофиқ, барча самолётлар, уларнинг бутловчи қисмлари ва агрегатлари баланс эгалари ҳудудига кесиш (майдалаш) ва уларни асл ҳолига келтиришни истисно этувчи бошқа усуллар билан утилизация қилинади ва ҳудуддан фақат рангли металлар парчалари кўринишида олиб чиқилади», — дея таъкидлайди «Казспецэкспорт».
Аввалроқ, Телеграм-каналлардан бирида номаълум шахс Қозоғистонда «81 та қирувчи самолётни (МиГ-31, МиГ-27, МиГ-29 ва Су-24 ва бошқалар) УҚКга топшириш учун сотиб олгани ҳақида маълумот пайдо бўлган эди.
Kursiv.kz ёзишича, гап 2023 йил октабрь ойида кимошди савдосига қўйилган 117 та совет қирувчи самолёти ҳақида кетаётган бўлиши мумкин. Улардан 1975-1989 йиллари ишлаб чиқарилган 81 та самолёт Олмаота вилоятининг Жетиген қишлоғидаги ҳарбий қисмда жойлашган бўлган. Улар бўйича савдо 2024 йил 16 февралда бўлиб ўтган. Савдо нархи 260 миллион тенгени (588 минг доллар) ташкил этган.
Шу ой бошида Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги Қозоғистонга қарши ахборот ҳужумлари ва Россия ва Украина ўртасидаги қуролли можаро билан боғлиқ сохта хабарлардан хавотир билдирган эди. Вазирлик расмий вакили Айбек Смадияровнинг сўзларига кўра, бундай «сохта хабарларни тарқатиш учинчи манфаатдор кучлар томонидан амалга оширилмоқда». Шунингдек, у Қозоғистоннинг Россия билан «дўстона ва яхши қўшничилик муносабатлари»га эга эканини таъкидлаган.