Афғонистонда сўнгги икки кун ичида сув тошқинлари оқибатида камида етти киши ҳалок бўлди

Афғонистонда сув тошқини. ariananews.af сайти фотосурати

Афғонистонда сўнгги икки кун ичида қор ёғиши ва сув тошқини оқибатида камида етти киши ҳалок бўлган, 19 киши жароҳатланган. Бу ҳақда Tolonews хабар беради.

Табиий офат оқибатида одамлар ҳалок бўлгани, уйлар ва қишлоқ хўжалиги ерлари вайрон бўлгани ҳақида Нангарҳор ва Лағмон вилоятлари маъмурияти хабар берган.

«Сув тошқини натижасида 800 та уй вайрон бўлди, 1600 гектар қишлоқ хўжалиги ерлари зарар кўрди. Охирги уч кун ичида уйларнинг қулаши оқибатида тўрт киши ҳалок бўлди, яна олти киши жароҳат олди», — дейди Нангарҳор табиий офатларга қарши кураш бошқармаси бошлиғи Сайфулла Холид.

Лағмон губернатори матбуот котиби Абдулмалик Ниёзий уч киши ҳалок бўлгани, улардан икки нафари болалар эканини маълум қилади. «Яна 13 нафари тан жароҳати олган, 515 та уй ва 400 та жериб (8 гектар) ер вайрон бўлди», — деди Ниёзий.

Тошқиндан жабрланганлар муваққат ҳукумат ва гуманитар ташкилотларга мурожаат қилиб, ёрдам сўраган. «Биз имкон қадар тезроқ ҳар қандай ёрдамни кутамиз. Мўминобод қишлоғи аҳолисининг кечкга ейдиган нони йўқ», — дейди Нангарҳорлик Риди Гул.

Айниқса, Бадахшон, Панжшир, Ғазни, Майдан Вардак, Пактия ва Бомиён вилоятларида қор кучли ёққан. Маҳаллий аҳоли бундай пайтда қор ёғишини жуда камёб ҳолат деб атайди ва сув тошқинлари экинлар ва мевали дарахтларга зарар етказганидан шикоят қилади.

«Қишлоқ хўжалиги мавсуми вайрон бўлди. Картошкани экканлар совуқ қандай қилиб бўлажак ҳосилни йўқ қилаётганини кўришарди», — дейди Бомиён шаҳрида яшовчи Надер.

Панжшер ахборот ва маданият бошқармаси бошлиғи Насрулло Маликзода ҳам қор ёғиши натижасида Абшар, Париан ва Дар туманларида экинларга зарар етганини маълум қилади.

Афғонистон метеорология департаменти мамлакатнинг 34 вилоятининг аксариятида кучли ёғингарчилик бўлиши ҳақида огоҳлантирган. Аммо расмийлар жабрланувчиларни огоҳлантира олмаган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ