ТР ТИВ: 26 апрелдан буён биргина Внуково аэропортидан деярли 650 нафар Тожикистон фуқароси депортация қилинди

Внуково аэропортидаги тожикистонликлар. Parviz TV Telegram-канали фотосурати

26 дан 30 апрелгача Внуково аэропортига учган Тожикистоннинг 3101 фуқаросидан 643 нафари депортация қилинди. Бу ҳақда Тожикистон ТИВдаги манбага асосланиб «Азия-плюс» хабар беради.

Депортация қилинганлар бир неча кунни аэропортда «ғайриинсоний шароитларда» ўтказганлар», — дейилади ТИВ хабарида. Ҳозирда Внуково аэропортидаги вақтинчалик ҳибсхоналарда яна 117 нафар Тожикистон фуқароси бор, уларга нисбатан депортация қарори қабул қилинган. Жуковский ва Домодедово аэропортларига учиб келган республика фуқаролари ҳам худди шундай вазиятга тушиб қолишган.

Ташқи ишлар вазирлиги яна ватандошларни Россияга боришдан тийилишга чақирди.

Бир кун аввал, 30 апрель куни Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров тожикистонлик ҳамкасби Сирожиддин Мухриддинга қўнғироқ қилди. Мазкур қўнғироққа Тожикистон томонининг Россия ҳукуматига РФ га бораётган ва у ердаги тожик фуқароларининг ҳуқуқ ва эркинликларини бузишни тўхтатиш талаби билан бир неча бор мурожаат қилгани сабаб бўлган. 29 апрель куни Душанбе Москвага тегишли норозилик нотасини юборганди.

Лавров Мухриддинга Россияга келаётган хорижлик фуқароларни синчиклаб текширишга асосий сабаб 22 март куни Москва яқинидаги «Крокус Сити Холл» концерт залида содир этилган теракт эканлигини тушунтирган. Россия вазирининг таъкидлашича, кўрилган чоралар маълум бир миллат ёки динга қарши қартилган эмас.

«С.Лавровнинг «кўрилаётган чора-тадбирлар маълум бир миллат ёки динга қарши қаратилмагани»га оид баёнотига жавобан С.Мухриддин бу тезис реал вазиятга тўғри келмаслиги ва салбий ҳаракатлар фақат Тожикистон фуқароларига нисбатан қўлланилаётганини таъкидлади»,дея хабар беради Тожикистон ТИВ.

Лавров билан суҳбатда Мухриддин Тожикистон фуқароларига нисбатан салбий муносабат, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кенг миқёсда поймол этилаётгани икки томонлама муносабатлар тамойилларига тўғри келмаслигини айтган. У асосий икки томонлама ва кўп томонлама ҳуқуқий ҳужжатлар қоидаларига риоя қилиш зарурлигини таъкидлаган.

«Вазирлар томонларнинг стратегик шериклик ва иттифоқчилик тамойилларига содиқлигини сақлаб қолиш зарурлиги тўғрисида бир хил фикр билдиришган», — дея хулоса қилади Тожикистон ТИВ.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ