Қирғизистон махсус хизмати мамлакат парламентини коррупционер Матраимов одамларидан тозалади

Қирғизистон парламентининг мажлислар зали. utrk.kg сайти фотосурати

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев республика Жогорку Кенеши (парламенти)ни собиқ божхоначи Райимбек Матраимовга алоқадор депутатлардан «тозалаш» ишлари якунланганини маълум қилди. Бу ҳақда «АКИпресс» хабар беради.

МХДҚ раҳбарининг қўшимча қилишича, энди парламентда порахўр амалдор билан божхона орқали ҳамкорлик қилган ёки у билан умумий бизнес юритган шахслар йўқ. Бироқ, Ташиевга кўра, бундай амалдорлар ҳали ҳам давлат идораларида ишламоқда.

Генералнинг таъкидлашича,

Матраимов «бўйнида» 200 миллион доллар бор, бу пулни собиқ божхоначи мамлакат бюджетига тўлаши керак.

«Мамлакатимизда коррупция авж олгани учун стадионлар, мактаблар, йўллар аянчли аҳволда, давлат эса ожиз бўлиб қолганди», — дейди Ташиев.

«АКИпресс» маълум қилишича

Жогорку Кенешнинг еттинчи чақириқ депутатлари фаолияти давомида турли сабабларга кўра парламентнинг 18 нафар вакили ўз мандатларини топширган.

Нашр тегишли рўйхатни тақдим этади, бироқ бунда сиёсатчилардан қай бири Матраимовга алоқадор бўлиши мумкинлигига аниқлик киритилмаган.

Бир ой олдин Ташиев республика парламентини коррупционер депутатлардан тозалашга ваъда берган ва бу жараён давом этаётганини ва давом этишини қўшимча қилганди. «Номзодлар пул бўлса, таниш-билишлари кўп ёки юқори мартабали қариндоши бўлса, депутат бўламан, деган хомхаёлга боришмасин. Парламентга халққа хизмат қилишга тайёр, ватанини севадиган инсонлар келиши керак», — деганди махсус хизмат раҳбари.

ℹ️ Райимбек Матраимов 2015 йилдан 2017 йилгача божхона хизматида ишлаган. 2020 йили жиноят ишида фигурант бўлган, 2021 йил 11 февралда «Коррупция» моддаси бўйича судланган. Амалдор тергов билан келишиб, давлатга 2 миллиард сўм (24 миллион доллар) тўлагани туфайли қамоқ жазосидан қутулиб қолган.

Кейинроқ МХДҚ унга нисбатан жиноий даромадларни легаллаштириш бўйича иш қўзғатган, бунга текширув олиб борган журналистларнинг материаллари сабаб бўлган. Улар, жумладан, Матраимовнинг Дубайда қимматбаҳо мулки борлигини айтишган, бироқ разведка хизмати бу маълумотни тасдиқлай олмаган.

Жорий йилнинг март ойи охирида собиқ божхоначи Озарбайжондан ватанига экстрадиция қилинган ва ватанида ҳибсга олинган. Матраимовга нисбатан Жиноят кодексининг бир қатор моддалари, жумладан, шахсни ноқонуний озодликдан маҳрум қилиш ва жиноий даромадларни легаллаштириш бўйича иш қўзғатилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ