Италиянинг Vento ташкилоти Флоренция университети билан биргаликда Афғонистоннинг марказий қисмида жойлашган Бомиён вилоятидаги ғор аҳолиси учун 100 та замонавий уй қуради. Бу ҳақда Ariana нашри вилоят маъмурияти расмийларига таяниб хабар берди.
Лойиҳа қиймати 100 минг долларга баҳоланмоқда, иш яқин орада бошланади. Қурилиш ишлари вилоят шаҳарсозлик ва уй-жой қурилиш бошқармасининг тўлиқ назорати остида бўлади.
Италияликлар Бомиён марказидаги Заргарон шаҳарчасини ҳам модернизация қилади. Режага йўллар, кўчалар ва сув назоратини яхшилаш ишлари киради, дейди расмийлар.
Бомиён расмийларининг ҳисоб-китобларига кўра, 700 га яқин оила ғорларни ўзининг уйи деб атайди. Ғорлар қумтош қояларига ўйилган улкан Будда ҳайкали атрофида жойлашган. Одамлар бу ерда юз йиллардан бери яшаб келган. Дастлаб, ғорлар медитация ва ёлғизлик учун ишлатилган, аммо кейинчалик бу ерда оддий уй-жой сотиб олишга қурби етмаган одамлар жойлаша бошлашган.
Шу билан бирга, қоялар ЮНEСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган Бомиён водийсининг бир қисми ҳисобланади. 1960-1970-йиллари вилоят маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун асосий йўналишлардан бири бўлган. Мулозимлар ва мутахассисларнинг фикрича, ғорлар қанча кўп банд қилинса, одамлар ўз уйларига эшик ва деразалар ўрнатиш, кенгайтмалар қуриш, сунъий йўлдош антенналари ва қуёш батареяларини ўрнатиш орқали бу ерга шунчалик кўп зарар етказишади.
Афғонистоннинг собиқ ҳукумати даврида Бомиён ғор аҳолисини кўчириш дастури мавжуд эди. Маҳаллий маъмурият қояларда яшовчи 10 минг оиланинг 9 мингдан ортиғини бошқа жойларга кўчиришга муваффақ бўлган.
ℹ️ Бомиён вилоятида асосан шиа эътиқодига мансуб ҳазоралар истиқомат қилади. 2001 йил баҳорида толиблар* йўқ қилиниши лозим бўлган бутлар дея тоққа ўйиб ишланган қадимий Будда ҳайкалини танклардан ўққа тутгани бутун дунёга маълум бўлганди.
*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).