Путинга «Толибон»ни РФда тақиқланган ташкилотлар рўйхатидан чиқаришга тайёр эканликлари маълум қилинди

ЧАПДА- ЗАМИР КАБУЛОВ. АЛЕКСАНДР ЗЕМЛЯНИЧЕНКО/AP ФОТОСУРАТИ

Россия ТИВ ва Адлия вазирлиги мамлакат президенти Владимир Путинга Афғонистонда 2021 йил августидан буён ҳокимият тепасида турган «Толибон»* ҳаракати Россияда тақиқланган ташкилотлар рўйхатидан чиқарилиши мумкинлиги ҳақида маълум қилди. Бу ҳақда ТАСС агентлигига Россия ТИВ Осиё бўйича иккинчи департаменти директори Замир Кабулов маълум қилди.

Дипломат сўзларига кўра, Ташқи ишлар вазирлиги ва Адлия вазирлигининг позицияси бошқа идоралар билан келишилган ҳолда эътироф этилган;

«Бу [«Толибон»ни тақиқланган ташкилотлар рўйхатидан олиб ташлаш] мажбурийдир. Бусиз уни тан олиш ҳақида гапиришга эрта бўлади. Шунинг учун ушбу масалани ўрганиш давом этмоқда. Барча мулоҳазалар Россия олий раҳбариятига билдирилган. Қарор қабул қилинишини кутяпмиз», — деди Кабулов.

ℹ️ БМТ Хавфсизлик Кенгаши 2003 йили «Толибон»ни террорчи ташкилотлар рўйхатига киритган. Ўшанда Россия ҳам толибларни худди шундай рўйхатга қўшган. Толиблар Афғонистонда ҳокимиятни 2021 йил августида қўлга киритган ва шундан бери жаҳон ҳамжамияти уларни тан олишига ҳаракат қилади. 2021 йил октабр ойида Россия президенти Владимир Путин Россияда «Толибон»ни террорчи ташкилотлар рўйхатидан чиқариш масаласи кўриб чиқилаётганини, бироқ бу билан биринчи навбатда БМТ Хавфсизлик Кенгаши шуғулланиши кераклигини айтганди.

Шу билан бирга, Кабулов толибларни Россия ҳукумати томонидан тан олиниши «де-факто аллақачон содир бўлаётганини» айтади. Ўшандан бери тақиқланган ҳаракат вакиллари мунтазам равишда Россияга ҳам амалий, ҳам шахсий ташриф буюришади. Шу билан бирга, буларнинг барчаси Россия ҳуқуқ-тартибот идораларининг фуқароларни толибларни қўллаб-қувватлаётганлик учун жиноий жавобгарликка тортишига моънелик қилмайди.

*РФ ва кўпгина давлатларда террорчи сифатидан тан олинган ва тақиқланган ташкилот (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ