Бир қатор фуқаролик жамияти ташкилотлари YouTube ва Googleдан Россия ҳукуматининг контентни блоклашга доир барча буйруқ ва сўровларини халқаро инсон ҳуқуқлари стандарлари асосида баҳолашга чақирувчи очиқ мактуб йўллади.
Мактуб Access Now, «Роскомсвобода»*, «ОВД-Инфо»*, «Теплица социальных технологий»*, «Чегара билмас мухбирлар» (RSF)» ва бошқа ташкилотлар томонидан имзоланган.
Имзоловчиларнинг таъкидлашича, 2021 йил охиридан бери Google Россия қонунчилигини бир неча бор бузгани учун икки марта жаримага тортилган, уларнинг умумий миқдори 29 миллиард рублдан ошган. Компания ўз ресурслари, жумладан YouTubeдаги тақиқланган маълумотларни олиб ташламагани учун жарима кўринишида миллионлаб рублдан маҳрум бўлган. 2022 йили «Царьград» телеканали иши бўйича суд қарорини ижро этиш учун Googleнинг Россиядаги ҳисобларидан 1 миллиард рубль миқдоридаги маблағлари олиб қўйилган ва компания офисида тинтувлар ўтказилган. Натижада Google Россиядаги шўъба корхонасини банкрот деб эълон қилган ва барча монетизация ва реклама хизматларини россияликлар учун ёпган.
«Шундай бўлса-да, биз YouTubeнинг мамлакатда ҳамон фаолият юритаётгани ва Россия Федерациясидаги фаолияти, у ёки бу сабабларга кўра тақиқланган ёки чекланган мустақил ноширлар, оммавий ахборот воситалари, блогерлар ва жамоат ташкилотлари ўз фикрларини рус аудиторияси билан баҳам кўраётган асосий онлайн платформа бўлиб қолаётганидан миннатдормиз», — дейилади очиқ мактубда.
Шу билан бирга, имзо чекувчилар YouTubeнинг Россия цензурачиларига ёрдам бераётганидан хавотирда. Масалан, 2024 йил февраль ойидан бошлаб видеохостинг Россияда ҳарбий хизматдан қочиш ҳақидаги бир нечта видеоларни блоклаган ва «Как теперь?» канали, «ОВД-Инфо» инсон ҳуқуқлари лойиҳаси, «Роскомсвобода» инсон ҳуқуқлари ташкилоти канали, «Интернетни ҳимоя қилиш жамияти», шунингдек, журналистлар Екатерина Котрикадзе* ва Тихон Дзядконинг * VPN ҳақидаги видео материаллари учун блоклаш таҳдидига оид билдиришномалар юборган. 21 май куни, сезиларли ошкораликдан сўнг YouTube юқоридаги видеолардан камида учтасини блокдан чиқарган, бироқ улар Россиядаги хостинг қидирув натижаларида мавжуд эмас.
Мактуб муаллифларининг ёзишича, Россия қонунларига асосланиб Роскомнадзорнинг блоклашни талаб қилаётгани YouTube тамойиллари ва қоидаларига ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларга зид келади.
«Шунинг учун биз сизни барча тақиқловчи буйруқлар ва сўровларни халқаро инсон ҳуқуқлари стандартлари асосида баҳолашга ва ҳимояланган фикр билдириш ҳуқуқига қарши чекловларга бўйсунмасликка, шу жумладан барча мавжуд қонуний воситалар орқали уларга қарши чиқишга чақирамиз», — дея сўрайди имзо чекувчилар.
*Россияда хорижий агентлар сифатида тан олинган.