Путин «Толибон»ни РФда тақиқланган ташкилотлар рўйхатидан чиқариш муддатини айтишдан бош тортди

Владимир Путин. Матбуот анжумани видеоёзувидан лавҳа

Россия президенти Владимир Путин Афғонистонда ҳокимият тепасида турган «Толибон» ҳаракатини РФда тақиқланган ташкилотлар рўйхатидан чиқарилиши мумкинлигига доир саволга жавобни «воқеликдан келиб чиққан ҳолда» излашга чақирди. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар беради.

«Бу масала доим муҳокамада. Мен бу ҳақда ҳеч қандай изоҳ бермайман, чунки «Толибон»* ва Афғонистон билан муносабатлар доимо кун тартибида», — деди Путин Ўзбекистонга ташрифи якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида, «Толибон»ни тақиқланган ташкилотлар рўйхатидан қачон чиқариш режалаштирилаётганига доир саволга жавоб бераркан.

Шу билан бирга, РФ раҳбари Афғонистонда амалдаги ҳукумат билан муносабатларни ўрнатиш «зарур эканини» таъкидлади.

«Афғонистонда муаммолар мавжуд, уларни инкор этиб бўлмайди, буни ҳамма яхши билади. Амалдаги ҳукумат билан муносабатларни қандай йўлга қўйиш масаласи бу бошқа масала. Лекин биз уни қандайдир тарзда қуришимиз керак. Улар мамлакатни бошқараётган, мамлакат ҳудудини назорат қилаётган одамлар, улар бугун Афғонистондаги ҳукуматни ташкил этади. Воқеликдан келиб чиққан ҳолда муносабатларни ўрнатиш лозим», — деди Путин.

Россия президенти «Толибон»ни тан олиш масаласи бўйича позиция «кўплаб шериклар», жумладан, Марказий Осиёликлар билан биргаликда шакллантирилишини таъкидлади.

ℹ️ БМТ Хавфсизлик Кенгаши 2003 йили «Толибон»ни террорчи ташкилотлар рўйхатига киритган. Ўшанда Россия ҳам толибларни худди шундай рўйхатга қўшган. Толиблар Афғонистонда ҳокимиятни 2021 йил августида қўлга киритган ва шундан бери жаҳон ҳамжамияти уларни тан олиши учун ҳаракат қилишади. 2021 йил октабр ойида Россия президенти Владимир Путин Россияда «Толибон»ни террорчи ташкилотлар рўйхатидан чиқариш масаласи кўриб чиқилаётганини, бироқ бу билан биринчи навбатда БМТ Хавфсизлик Кенгаши шуғулланиши кераклигини айтганди.

Ўшанда Россия ТИВ Осиё бўйича иккинчи департаменти директори Замир Қабулов толибларни Россия ҳукумати томонидан тан олиниши «де-факто содир бўлаётганини» айтганди. Тақиқланган ҳаракат вакиллари мунтазам равишда Россияга ҳам амалий, ҳам шахсий ташриф буюришмоқда. Шу билан бирга, буларнинг барчаси Россия ҳуқуқ-тартибот идораларининг фуқароларни толибларни қўллаб-қувватлаётганлик учун жиноий жавобгарликка тортишига моънелик қилмайди.

*РФ ва кўпгина давлатларда террорчи сифатидан тан олинган ва тақиқланган ташкилот (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ