Эрон Бош штаби президент Раисий ўлимида қўпорувчилик эҳтимолини рад этди

Раисий вертолёти қулаган жой. caliber.az сайти фотосурати

Эрон Қуролли кучлари Бош штабининг Алоқа маркази республика президенти Иброҳим Раисий ва унга ҳамроҳлик қилаётган делегация вертолёти ҳалокати сабабларини ўрганиш бўйича комиссия ҳисоботини эълон қилди. Бу ҳақда Iribnews хабар берди.

«Вертолётнинг қулаши ва портлашидан кейинги унинг қолдиқларини ўрганиш давомида олинган маълумотларга кўра, парвоз пайтидаги ва тоғ ёнбағирлари билан тўқнашувидан олдинги қупорувчилик юз бергани истисно қилинади», — дейилади хабарда.

Текширув давомида ҳалокатга учраган вертолётга техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш билан боғлиқ ҳужжатлар ҳам ўрганилган. Бахтсиз ҳодисага олиб келиши мумкин бўлган нуқсонлар топилмаган. Йўловчилар ва жиҳозлар сони ва ташишнинг максимал оғирлиги бўйича вертолёт сиғими бўйича белгиланган қоидаларнинг бузилиши аниқланмаган. Алоқа тизимидаги носозликлар ёки частотали шовқинлар истисно қилинган: вертолёт кортежи учувчилари ҳалокатдан 69 сония олдин президент борти билан боғланган. Шунингдек, ҳалокатга учраган вертолётда электрон уруш излари ҳам аниқланмаган.

Текширувчиларда савол туғдирадиган ягона нарса — бу метеорологик ҳисобот хато бўлиши мумкин, чунки у ўша кунги парвоз учун об-ҳаво шароити мос келади дейилган. Тергов ишлари ҳалокатнинг барча ҳолатларини тўлиқ аниқланмагунча давом этади.

ℹ️ 19 май куни эрталаб Иброҳим Раисий Озарбайжон президенти Илҳом Алиев билан учрашган. Улар Аракс дарёси чегарасида Ғиз-Қаласи тўғонини очиб, ушбу дарёнинг сув-энергетика ресурсларидан биргаликда фойдаланиш учун иккита гидроэлектр мажмуасини ишга туширганлар. Кейин Эрон президенти Табризга учиб кетган, бироқ унинг вертолёти ўрмон ҳудудига қулаб тушган. Президент кортежи учта вертолётдан иборат бўлган, улардан иккитаси ўз манзилига эсон-омон етиб келган.

Бир қатор давлатлар президент вертолётини қидиришда ёрдам таклиф қилишган. Улар орасида Ироқ, Туркия, Озарбайжон, Россия ва бошқалар бор.

Текширув натижалари эълон қилинишидан олдин вертолётнинг ҳалокатига Исроил махсус хизматларининг алоқадорлиги ҳақидаги версиялар пайдо бўлганди. Эроннинг собиқ Ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зариф мазкур воқеада АҚШни айблаган, чунки Америка томони жорий этган санкциялар вертолётлар учун эҳтиёт қисмлар етишмаслигига олиб келган. Бунга жавобан АҚШ администрацияси Раисий ўлимига алоқадорлик айбловларини кулгили деб атаган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ