Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги темир йўл транспорти тарифлари 50 фоизга пасайтирилди. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти Термиздаги вакиллари маълум қилди, деб ёзади Ariana News. Ҳозирча бу маълумотнинг расмий тасдиғи йўқ.
Ўзбекистон Термизи орқали Афғонистоннинг Балх вилоятидаги Ҳайратон станциясига Хитой, Қозоғистон, Ўзбекистон ва бошқа мамлакатлардан товарлар келтирилади.
Икки давлат ўртасидаги савдо алоқаларини осонлаштириш ва кенгайтириш ҳамда афғон тадбиркорларини қўллаб-қувватлаш мақсадида тарифлар пасайтирилди, дея тушунтирди ўзбекистонлик темирйўлчилар.
Илгари Афғонистон ҳукуматидан келаётган юкларга махсус тарифлар жорий қилинган. Масалан, «Дўстлик» автомобиль-темир йўл кўприги орқали олиб кирилаётган товарлар учун 40 тонналик вагонга 200 доллар, 20 тонналик вагонга 100 доллар миқдорида тўлов ундирилган. Худди шундай, божхонада ҳам хизматларга қараб ҳар хил тўловларни амалга оширишга тўғри келган, энди бўлса 500 долларгача бўлган барча тўловлар йил охиригача бекор қилинди, дея хабар беради Ariana News Термиз вилояти темир йўл узели раҳбари Фарҳод Ғиёзовга таяниб.
ℹ️ Апрель ойи охирида Термиз шаҳрида «Беларусь – Россия – Қозоғистон – Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон» мультимодал транспорт коридорини ривожлантириш бўйича ишчи гуруҳининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Унда ушбу давлатлар транспорт вазирликлари раҳбарлари иштирок этди. Марказий Осиё ва МДҲ давлатларини Ўзбекистон орқали Жанубий Осиё давлатлари билан боғлаш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув якунлари бўйича томонлар юк ташишни ривожлантириш бўйича аниқ режаларни амалга оширишни назарда тутувчи «йўл харитаси»ни имзоладилар. Хусусан, юкларни таҳлил қилиш, ташиш жараёнида электрон рақамли ҳужжатлардан фойдаланиш ва ташиш жараёнларини соддалаштириш орқали Ўзбекистон-Афғонистон-Покистон йўналиши бўйлаб транзит юк ташиш ҳажмини ошириш кўзда тутилган.
ℹ️ Ўзбекистон Транспорт вазирлиги маълумотларига кўра, сўнгги йилларда Афғонистон орқали транзит юк ташиш ҳажми 30 фоиздан ошган ва 1 миллион тоннага яқинлашган. 2021 йили Ўзбекистон ва Покистон ўртасида транзит савдо битими имзоланганидан сўнг мамлакатлар ўртасида юк ташиш ҳажми ортиб бормоқда. 2022 йили Афғонистон орқали икки давлат ўртасида юк ташиш 2021 йилга нисбатан икки ярим баробарга ошиб, 675 минг тоннани ташкил этган. Жорий йили Ўзбекистон ушбу йўлак бўйлаб 1 миллион тоннадан ортиқ юк ташишни режалаштирган.