ЕИ ва БМТ Афғонистонда таълимга озиқ-овқат рациони орқали қизиқиш уйғотишга қарор қилди

Афғонистонда мактаб ўқувчилари. gov.uk сайти фотосурати

Европа Иттифоқи Афғонистонда мактаб ўқувчиларини озиқлантириш учун БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастурига (ЖООД) қўшимча 10 миллион евро ажратади. Бу ҳақда Ariana News хабар берди.

Бу маблағлар, жумладан, 4-6-синф ўқувчи қизларнинг оилаларида озиқ-овқат рационини тақсимлашни ташкил этишга йўналтирилади. Рацион, жумладан, ўсимлик мойи ёки нақд пулни ўз ичига олади. Мактаб таълими даражаси энг паст бўлган учта вилоятнинг 4-6-синфларда ўқиётган ўғил болаларнинг ҳам оилалари худди шундай рационга эга бўладилар.

«Ушбу рационлар бутун оиланинг овқатланишини яхшилайди ва ота-оналарни фарзандларини мактабга юборишни давом эттиришга ундайди», — дейилади хабарда.

Бундан ташқари, саккиз вилоят – Фараҳ, Ғор, Жаузжон, Нангарҳор, Нуристон, Пактика, Урузгон ва Зобулдаги 10 мингдан ортиқ мактаб ўқувчиларига маҳаллий ишлаб чиқарилган бойитилган печенье ёки тўйимли мактаб таомларини тарқатиш режалаштирган.

Шундай қилиб, ЖООД тажриба тариқасида маҳаллий новвойхоналар тармоғидан вегетариан самосаларга (самса – «Фарғона» изоҳи) буюртма бермоқчи. 2000 нафар мактаб ўқувчиси ҳар куни қиймаси қовоқ, исмалоқ, тухум, картошка ёки соя ловиясидан иборат иккитадан самса олади.

«Очлик таълимга тўсиқ бўлиши мумкин. Европа Иттифоқининг қўшимча маблағлари Афғонистонда кўпроқ болаларнинг тўйимли озиқ-овқат билан таъминланишини қамраб олади. Бу уларнинг самарали ўрганиши ва соғлиғини сақлаши учун зарур энергия ва зеҳнияти учун муҳимдир. Агар бундай овқатланиш ота-оналарнинг ўз болаларини мактабга юборишга ундаса, бу ҳамма учун фойдалидир», — дея Ariana News Европа Иттифоқининг Афғонистондаги Муваққат ишлар вакили Раффаэлла Йодиче сўзларини келтиради.

ЖООДнинг Афғонистон бўйича директори Сяо-Вэй Лининг айтишича, ташкилот озиқ-овқат хавфсизлиги ва овқатланишни таълим билан боғлаш учун йигирма йилдан кўпроқ вақт олдин ўзининг мактабларда овқатланиш дастурини бошлаган.

«Ўтган йили ЖООД ушбу дастур орқали 1,5 миллион мактаб ёшидаги болаларни қўллаб-қувватлади ва Европа Иттифоқи бизнинг асосий ҳамкоримизга айланди. 2022 ва 2023 йиллар учун ЕИ ЖООД дастурига 20,9 миллион евро ажратди», — деди Сяо-Вэй Ли.

БМТ ЖООД ҳисоботига кўра, Афғонистонда мактабда овқатланиш тадбирлари ўқувчиларнинг билим олишига ижобий таъсир кўрсатган ва ота-оналарни болаларини мактабга юборишга рағбатлантирган. Мамлакатда ҳокимият тепасига келган толиблар* томонидан тақиқлар жорий этилиши натижасида қизларнинг таълим олиши янада мураккаблашди.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ