Қирғизистон парламенти республика Бош прокурори лавозимига Мақсат Асаналиев номзодини маъқуллади

Мақсат Асаналиев. 24.kg сайти фотосурати

Қирғизистон Жогорку Кенеши (парламенти) депутатлари ўз хоҳиши билан истеъфога чиққан Қурманқул Зулушев ўрнига республика Бош прокурори лавозимига Мақсат Асаналиев номзодини маъқуллади. Бу ҳақда парламент матбуот хизмати хабар берди.

Зулушевнинг истеъфога чиққани бир неча кун аввал, мамлакат президенти Садир Жапаровнинг мулозим давлат раҳбарига тегишли ариза билан мурожаат қилганини тасдиқлаганидан сўнг маълум бўлди. Бугун, 5 июнь куни депутатлар бир овоздан Бош прокурорнинг ишдан бўшатилишига рози бўлишди. Таъкидланишича, парламент вакиллари унинг юқори лавозимдаги фаолиятини ижобий баҳолаб, унга келгусида муваффақиятлар тилаган, шунингдек, «соғлигига куюнишни»ни маслаҳат беришган.

Президент Жогорку Кенешга Асаналиев номзодини тақдим қилган. Дастлаб, номзод ёпиқ йиғилишда Конституциявий қонунчилик, давлат тузилмаси, суд-ҳуқуқ масалалари ва Регламенти қўмитаси томонидан маъқулланган.

Орадан бир неча соат ўтгач, янги Бош прокурор тайинланиши умум муҳокамага қўйилган. Депутатлар бир овоздан номзодни маъқулладилар.

ℹ️ Мақсат Асаналиев 1978 йили Иссиқкўл вилояти Тўн тумани Оқ-Терек қишлоғида туғилган. У биринчи даражали юстиция маслаҳатчи ҳисобланади. У Миллий хавфсизлик давлат қўмитасида терговчи бўлиб ишлаган, шундан сўнг назорат органига ўтган. 2018 йили у Бишкекнинг Первомайский тумани прокурори этиб тайинланган. 2020 йилдан бошлаб кадрлар ротацияси доирасида Ўш вилояти прокурори лавозимига ўтказилган. Касбий хизматлари учун у «Данк» давлат медали билан тақдирланган.