БМТ Хитой ва Ўзбекистоннинг 10 июнни Цивилизациялар мулоқоти куни деб эълон қилиш ғоясини қўллаб-қувватлади

ru.usembassy.gov сайти фотосурати

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Бош Ассамблеяси Ўзбекистон ва Хитой томонидан ишлаб чиқилган «Халқаро цивилизациялар ўртасидаги мулоқот куни» деб номланган резолюцияни бир овоздан маъқуллади. Бу ҳақда Марказий Осиё республикаси Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Халқаро цивилизациялар ўртасидаги мулоқот куни 10 июнь куни нишонланади.

Қарорда таъкидланганидек, Мулоқот кунининг эълон қилиниши одамларнинг цивилизациялар хилма-хиллиги қадрияти ҳақида хабардорлигини оширишга, ўзаро ҳурмат ва глобал бирдамлик тамойилларига асосланган мамлакатлар ўртасидаги шерикликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги мазкур ҳужжат Ўзбекистон раҳбариятининг БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессияси ва ШҲТнинг Самарқанд саммитида умумий хавфсизлик ва фаровонлик йўлида ҳамжиҳатлик руҳини юксалтириш зарурлиги, конструктив ҳамкорликка интилиш, шунингдек, тинчлик ва барқарор фаровонликка эришиш учун халқаро ҳамжамиятларнинг саъй-ҳаракатларини сафарбар қилиш тўғрисида билдирилган қарашларини концептуал тарзда акс эттиришини таъкидлайди.

«Ҳужжатда дунёда диний ва маданий хилма-хиллик муҳимлиги эътироф этилган ҳолда, барча маданиятлар ва тамаддунларнинг инсониятни тараққиётига қўшган ҳиссаси ижобий қайд этилган», — дейилади ТИВ хабарида.

Ассамблея 7 июнь куни «Халқаро цивилизациялар ўртасидаги мулоқот куни»

резолюциясини тасдиқлади. Ҳужжатга Ўзбекистон ва Хитойдан ташқари, БМТнинг 80 дан ортиқ аъзоси, жумладан, барча Марказий Осиё давлатлари, Россия, Эрон, Саудия Арабистони, БАА ва Туркия ҳаммуаллифлик қилган.

Таъкидлаш жоиз, Хитойнинг бош ахборот агентлиги – «Синьхуа» резолюцияни ишлаб чиқишда бошқа давлатлар иштироки ҳақида сўз юритмаган.

ℹ️ БМТ Бош Ассамблеяси вакиллари Марказий Осиё давлатларидан илгари сурилаётган ташаббусларни биринчи марта қўллаб-қувватлаётгани йўқ. Масалан, жорий йил май ойида Тожикистоннинг Жаҳон футбол кунини белгилаш ғояси маъқулланганди. У 25 май куни нишонланади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ