Калифорния (АҚШ) чегарачиларига Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Молдова ва Грузия фуқаролигига эга бўлган ноқонуний мигрантларни зудлик билан депортация қилиш буюрилди. Бу ҳақда New York Post хабар берди.
Қайд этилишича, зудлик билан депортация фақат юқорида санаб ўтилган олти давлатдан келган катта ёшдаги хорижликларга тааллуқлидир. Шу билан бирга, Африка, Осиё, Австралия ва Европани ўз ичига олган «шарқий ярим шарнинг» 100 дан ортиқ бошқа давлатларидан келган ноқонуний муҳожирлар ҳибсга олингандан сўнг қўйиб юборилади. Уларга ўз иши бўйича суд санаси белгиланади, аммо бошпана сўраш ҳуқуқидан маҳрум қилинади.
Fox News маълумотларига кўра, буйруқ фақат Сан-Диего секторига тегишли бўлиб, у ҳозирда ноқонуний миграция оқими бўйича энг гавжум сектор ҳисобланади.
Июнь ойи бошида АҚШ президенти Жозеф Байден Мексика орқали ноқонуний кириб келган муҳожирларга бошпана беришни тақиқловчи фармонни имзолади. Тақиқ ноқонуний мигрантларнинг кетма-кет етти кун давомида ҳибсга олинишининг ўртача сони кунига 1,5 мингдан кам бўлмагунча кучда қолади.
New York Post таъкидлашича, янги чекловлар хорижликларни чўчитмаган: ўтган дам олиш кунларида АҚШ чегара хизмати жанубий чегарада 10 мингдан ортиқ муҳожирни рўйхатга олган.
ℹ️ Сўнгги пайтларда Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон фуқароларига Мексика орқали АҚШга ноқонуний киришда ёрдам беришни ваъда қилаётган фуқаролар қўлга олинаётгани ҳақида хабарлар кўпаймоқда. Ўз хизматлари учун улар $15 минг ва ундан юқори пул сўрашади.
2022 молия йилида АҚШ божхона ва чегара хизмати АҚШ-Мексика чегарасида тахминан 3200 нафар Ўзбекистон фуқаросини аниқлаган, бу 2021 йилга нисбатан 4,5 баравар кўп (700 кишидан кам). Fox News маълумотларига кўра, 2021 йил октабридан 2023 йил октабригача бўлган даврда АҚШга чегарани ноқонуний кесиб ўтишга уринган 13624 нафар Ўзбекистон фуқароси қўлга олинган ва бу энг кўп ноқонуний муҳожирлар келган давлатлар шартли рейтингидаги учинчи ўриндир. 2023 йил ноябрь ойида АҚШ ҳукумати Мексика орқали мамлакатга ноқонуний кирган Ўзбекистон фуқароларини мамлакатга киритмасликка қарор қилганди.