Толиблар Париж Олимпиадасида иштирок этадиган афғон спортчи аёлларини тан олишдан бош тортди

Афғон велопойгачи аёллари. rfi.fr сайти фотосурати

«Толибон»* ҳаракати томонидан тузилган Афғонистон ҳукумати Париждаги Олимпиада ўйинларида мамлакат шарафини ҳимоя қиладиган спортчи аёлларни тан олмайди. Бу ҳақда «Радио Франс Интернасьональ» (RFI) хабар берди.

Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) қувғиндаги Афғонистон Миллий олимпия қўмитаси (МОҚ) билан маслаҳатлашганидан сўнг олти нафар афғон спортчиси – уч аёл ва уч эркакдан иборат жамоани таклиф қилган. «Толибон»га келсак, ХОҚ у билан Афғонистон термаси борасида маслаҳатлашмагани ва толиблар вакилларини Олимпиадага таклиф қилмаганини айтди.

«Афғонистон шарафини фақат уч нафар спортчи ҳимоя қилади. Ҳозирда мамлакатда аёллар спорти тақиқланган. Аёллар спорти бўлмаса, улар қандай қилиб терма жамоага кириши мумкин? Биз фақат стипендиялар билан қўллаб-қувватлаётган эркак спортчилар учун жавобгарликни ўз зиммамизга оламиз», — дейди толиблар ҳукуматининг спорт бошқармаси вакили Атал Машваний.

Айни пайтда Афғонистон МОҚ раҳбари Дад Муҳаммад Пайонда Ахтарийнинг таъкидлашича, унинг кўмитаси толиблар билан эркак спортчилари билан боғлиқ масалани мувофиқлаштирган, улардан бири Афғонистонда яшаб, машғулот ўтказмоқда. Миллий қўмита спортчи аёлларни мувофиқлаштириш масаласини ўзи ҳал қилган.

Афғонистон олимпия терма жамоаси гендер тенглиги тамойили асосида тузилган. Бу шарт мажбурий бўлган. Афғонистонлик аёллар енгил атлетика ва велоспорт, эркаклар эса дзюдо, енгил атлетика ва сузиш бўйича беллашадилар. Барча аёллар ва икки эркак спортчи Афғонистондан ташқарида яшайди.

Нашр спортчилар номини келтирмайди. Лекин гап аввалги икки Олимпиада иштирокчиси, спринт югурувчи аёл Камия Юсуфи, шунингдек, Швейцариядаги турнирда Афғонистон чемпиони бўлган опа-сингил велоспортчилар Фарида ва Юлдуз Ҳошимийлар ҳақида кетмоқда.

Афғонистон жамоасининг Париждаги Олимпиадада иштирок этиши мамлакатда аёллар ҳуқуқларига риоя этилмаётгани сабаб сўроқ остида қолганди. Худди шу сабабга кўра, 1999 йилдан 2004 йилгача «Толибон» ҳукмронлиги даврида Афғонистон терма жамоаси Олимпиада ўйинларидан четлаштирилганди. Толиблар қайта ҳокимиятга келганидан сўнг ХОҚ улардан аёлларнинг спорт билан шуғулланиши учун хавфсиз шароитни кафолатлашни ва уларнинг мусобақаларда қатнашишига рухсат беришни талаб қилганди. Хусусан, Афғонистон терма жамоаси учун Олимпиадага йўлланма олишнинг асосий шартларидан бири нафақат хорижда, балки мамлакатда яшаётган спортчи қизларнинг ҳам киритилиши бўлган. Бироқ, шарт бажарилмаслиги аниқ, аммо шунга қарамай Афғонистон терма жамоаси Олимпия ўйинларида иштирок этади.

*РФ ва кўпгина давлатларда террорчи сифатидан тан олинган ва тақиқланган ташкилот (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ