Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон автоном вилоятида футболни жонлантиришга қарор қилишди

Хоруғдаги стадион. ТФФ матбуот хизмати фотосурати

Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон автоном вилояти (ТБАВ) нинг Хоруғ шаҳрида марказий стадион реконструкция қилиниб, профессионал клуб ташкил этиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Тожикистон Футбол федерацияси матбуот хизмати хабар берди.

Олти минг томошабинга мўлжалланган Хоруғ стадионида таъмирланган сунъий қопламали майдон ўрнатилиб, югуриш йўлаклари янада замонавий йўлакларга алмаштирилди, кийим алмаштириш хоналари таъмирланиб, ёритиш жиҳозлари ўрнатилди. Барча ишлар Тожикистон ҳукумати кўмагида амалга оширилган.

Қайта реконструкция қилинган Хоруғ стадионининг очилишида ТБАВ раиси Алишер Мирзонабот, Тожикистон Хавфсизлик кенгаши котиби Насрулло Маҳмудзода ва Республика Футбол федерацияси бош котиби Фурқат Аҳмеджоновлар иштирок этишди. Янгиланган стадиондаги илк учрашувда маҳаллий «Помир» жамоаси ва Кўлобнинг «Равшан» жамоаси дубль вакиллари тўқнаш келишди. Учрашув 2:2 ҳисобида якунланди.

«Фарғона» маълумотига кўра, кейинги мавсумда Тожикистон чемпионатининг Иккинчи лигаси (учинчи кучли дивизион)да ТБАВ жамоалари, жумладан, «Помир» клуби ҳам иштирок этадиган янги зона ташкил этиш режалаштирилган. Турнир ғолиби мамлакат чемпионатининг Биринчи лигасига чиқиш имкониятига эга бўлади.

Бугунги кунга қадар Тоғли Бадахшон жамоалари асосан логистика қийинчиликлари туфайли миллий чемпионатда иштирок этмаяпти. Бироқ, вилоятда ТБАВ футбол термаси тузилган ва у 2016 йили илк ўйинини ўтказган ва Хоруғдаги стадион мухлисларга тўлган. Бу жамоа тан олинмаган давлатлар, автономиялар ҳамда ФИФА ҳамда қитъа ташкилотларига аъзо бўлмаган мамлакатлар футбол жамоалари ва федерацияларини бирлаштирган ташкилот – ConIFAга аъзо бўлишга номзод экани маълум қилинганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ