2024 йилнинг январь-июнь ойларида Афғонистонда мина ва бошқа ўқ-дориларнинг портлаши оқибатида 292 киши жабрланган, уларнинг 88 фоизи (250 дан ортиғи) болалар бўлган. Бу ҳақда БМТнинг гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси (ОСНА) хабар берди.
Портлашларнинг ярми болалар ўйнаётган пайтда, яна 15 фоизи металлолом йиғиш пайтида содир бўлган.
Бошқарма маълумотларига кўра, Афғонистонда тахминан 1,2 миллион квадрат метр майдон миналар, қўлбола портловчи қурилмалар ва ERW билан ифлосланган (2001 йил жами 724 млн. кв.м майдон миналаштирилган). 2021 йил августидан 2023 йил майигача ўтказилган тадқиқот шуни кўрсатдики, мамлакатдаги тинч аҳолининг қурбон бўлишига сабаб бўлаётган иккинчи омил портловчи предметлардир. 2022 йил январидан 2024 йил февралигача бўлган даврда портлашлар оқибатида 1401 киши жабрланган, уларнинг 86 фоизи болалар бўлган.
ОСНА маълумотларига кўра, 1989 йилдан бери жами 45 минг афғон аҳолиси миналар ва портловчи жисмлар (Explosive Remnants of War) қурбони бўлган.
Ташкилотнинг тушунтиришича, портламай қолган ўқ-дорилар одамларнинг жисмоний ва руҳий фаровонлигига таҳдид солади, ердан фойдаланишни чеклайди ва фермерлар, чорвадорлар, шунингдек, қочқинлар, ҳимояга муҳтож муҳожирлар ва қайтган аҳоли учун алоҳида хавф туғдиради. Металлолом йиғишда кўпинча одамлар портловчи мосламаларни ажрата олмай, топилган ўқ-дориларни қўлга олишади.
Айни пайтда, Афғонистондаги миналарга қарши кураш сектори молиявий тақчиллик туфайли фалаж бўлиб қолган, дейди ОСНА. 2023 йили миналардан тозалаш хизматларига муҳтож бўлган 4,4 миллион кишининг атиги 14 фоизига ёрдам кўрсатилган.
«2024 йили маблағ танқислиги миналардан тозалаш ва қурбонларга ёрдам бериш дастурларини хавф остига қўяди ва бу 3,4 миллион кишининг ҳаётини хавф остига қолдиради», — дея огоҳлантиради OCHA.
Энг кўп зарар кўраётган ташаббуслар бу — миналарни тозалаш, хавф-хатарларни ўргатиш ва омон қолганларга ёрдам беришдир. Баъзи лойиҳалар тўхтатилган, бошқалари эса фақат 2024 йил августигача молиялаштирилган.