Теҳрон суди журналист ва инсон ҳуқуқлари фаоли Пахшан Азизини ўлим жазосига ҳукм қилди

Пахшан Азизи. jinhaagency.com сайти фотосурати

Курд журналисти ва ҳуқуқ фаоли Пахшан Азизи (Pakhshan Azizi) Эронда ҳукуматга қарши қуролли қўзғолон кўтарган исёнчилар гуруҳига аъзо бўлгани учун ўлим жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда курдларнинг Hengaw инсон ҳуқуқлари ташкилоти хабар берди.

Ҳукм Теҳрондаги Эрон Ислом инқилоби суди 26-бўлими томонидан чиқарилган. Ҳуқуқ ҳимоячиси, шунингдек, Курдистон эркин ҳаёт партиясига (КЭҲП) аъзоликда айбланиб, тўрт йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Пахшан Азизи 2023 йил 4 август куни Теҳронда Эрон разведка хизматлари томонидан ҳибсга олинган. Хавфсизлик кучлари у билан бирга унинг бир неча оила аъзоларини ҳам ҳибсга олган, бироқ улар бир неча кундан кейин қўйиб юборилган.

Ҳибсда бўлганида Азизининг оила аъзолари билан учрашишига, адвокат олишига рухсат берилмаган ва айбига иқрор бўлиши учун қийноқларқа солинган. Декабрь ойида у Эвин қамоқхонасининг аёллар бўлимига ўтказилган.

Курд Инсон Ҳуқуқлари Тармоғи (KHRN) маълумотларига кўра, Азизи ҳукмидан хабар топган Эвин қамоқхонасидаги сиёсий маҳбус аёллар жазони ўташ ҳовлисида бир неча соат ўтирган ҳолда норозилик билдиришган.

Азизининг мактуби яқинда Hengaw сайтида эълон қилинган бўлиб, унда у курд аёли сифатида ўзининг қийинчиликларини тасвирлаб, ҳибсда бўлганида бир неча бор қийноққа солингани ва ҳақоратланганини айтиб берган. Сўроқ пайтида уни осиб қўйишган ва 10 метр чуқурликка кўмиб қўйишган. Уни беш ой давомида бир кишилик камерада сақлашган, аёл очлик эълон қилган.

Пахшан Азизи илк бор 2009 йил 16 ноябрида Теҳрон университетида Курдистондаги сиёсий сабабларга кўра қатларга қарши намойишга бағишланган курд талабалари йиғилиши чоғида ҳибсга олинган. Қиз тўрт ойдан сўнг гаров эвазига қўйиб юборилган, кейин эса Эронни тарк этиб, сўнгги йилларда Ироқнинг Курдистон минтақасида яшаган. «Ислом давлати»* (ИД, РФ ва бошқа кўплаб мамлакатларда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган ташкилот)нинг Рожавага (Сурия Курдистони) ҳужуми чоғида Азизи ижтимоий ишчи сифатида минтақадаги қочқинларга ёрдам берган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ