11 сентябрдаги терактни уюштирганликда айбланаётган Холид Шайх Муҳаммад ва Гуантанамо қамоқхонасида сақланаётган яна икки айбланувчи прокурорлар билан тузган келишув туфайли ўлим жазосидан қутулиб қолади. Бу ҳақда New York Post хабар берди.
Мазкур иш билан шуғулланаётган Ҳарбий комиссиялар бошқармаси (ОМС) вакилининг сўзларига кўра, Муҳаммад, Валид бин Атташ ва Мустафо ал-Ҳавсавий билан судгача келишувлар тузилган.
«Берилиши мумкин бўлган ўлим жазосини олиб ташлаш эвазига, бу уч айбланувчи ўзларига қўйилган барча айбловларни, жумладан, айблов хулосасида санаб ўтилган 2976 кишининг ўлдирилиши бўйича айбларини тан олишга рози бўлишди», — дейилади ОМС бош прокурори, контр-адмирал Аарон С. Раф томонидан имзоланган ва 11 сентябрь ҳужумлари қурбонлари оилаларига юборилган хатда.
Келаси ҳафтада бўлиб ўтадиган суд мажлисида Муҳаммад ва унинг шериклари айбларига иқрор бўлиши кутилмоқда.
«Биз мазкур иш мақоми ва жумладан, бу янгилик кучли ҳис-туйғуларни келтириб чиқаришини тушунамиз, шунингдек, судгача келишувга эришиш тўғрисидаги қарор минглаб марҳум оила аъзолари орасида турли хил муносабатларни келтириб чиқаришини ҳам тушунамиз. 12 йиллик судгача бўлган иш юритишдан сўнг судгача бўлган келишувни тузиш тўғрисида қарор қабул қилиш осон кечмади. Бироқ, бизнинг жамоавий, асосли ва виждонан фикримизча, бу қарор ишда якунийлик ва адолатга эришиш учун энг яхши йўлдир», — дея прокурор мактубидан парчаларни келтирган CNN.
👉 Айбланувчилар 2001 йил 11 сентябрда йўловчи самолётларини ўғирлаб, уларни Нью-Йоркдаги Жаҳон савдо маркази, Вашингтон четидаги Пентагон биноси ва Пенсилваниядаги далага йўналтириш учун 19 нафар террорчини тайёрлаш, молиявий қўллаб-қувватлаш ва бошқа ёрдам кўрсатишда айбланмоқда.
Тергов маълумотларига кўра, 1996 йили Усама бин Ладенга ҳужум қилиш ғоясини айнан Муҳаммад таклиф қилган. Покистонлик террорчи террорчилик ҳужумларини режалаштириш ва Покистон ва Афғонистонда самолёт ўғриларининг бир қисмини тайёрлашда муҳим рол ўйнаган.
Муҳаммад 2003 йил март ойида Покистонда ҳибсга олинган ва Марказий разведка бошқармасининг махфий қамоқхоналарида сўроқ қилинган, жумладан, 183 марта сув воситасида қийноқларига солинган. Адвокатларнинг таъкидлашича, қийноқлар Муҳаммад берган ҳар қандай гувоҳликни пучга чиқаради.
2008 йили Муҳаммадга қарши фитна уюштириш, уруш қонунларини бузган ҳолда қотиллик, тинч аҳолига ҳужум қилиш, фуқаролик объектларига ҳужум қилиш, қасддан баданга оғир шикаст етказиш, уруш қонунларини бузган ҳолда мулкни йўқ қилиш, терроризм ва терроризмни моддий қўллаб-қувватлаш айбловлари қўйилган. АҚШ томони Муҳаммад учун ўлим жазосини талаб қилишини маълум қилган.
Аммо Муҳаммад ва унинг шерикларига қарши ҳарбий суд иши кечиктирилган, чунки прокурорлар 2000 йиллари айбланувчиларга нисбатан қўлланилган қийноқлар орқали олинган далиллар судда қабул қилинадими ёки йўқлигини аниқлашга уринганлар. Мутахассисларнинг фикрича, айбни тан олиш тўғрисидаги келишув мазкур мураккаб ишнинг узоқ чўзилишига чек қўяди.