Туркияда ўсмир компьютер ўйини таъсирида одамларга ҳужум қилиб, беш кишини яралади

Қўлга олинган ўсмир. yenisafak.com сайти фотосурати

Туркиянинг Эскишеҳир шаҳрида пичоқ билан қуролланган 18 ёшли ўсмир чой боғига ташриф буюрувчиларга ҳужум қилган ва беш кишини жароҳатлаган. Икки жабрланган шахснинг аҳволи оғир, дея аниқлик киритади Cumhuriyet.com.tr.

Ҳужумчи қочишга уринган, бироқ воқеа жойи яқинида полиция томонидан қўлга олинган. Ўсмир ниқоб, зирҳли жилет, кўзойнак ва дубулғада бўлган. Унинг ёнида пичоқ, шунингдек, камарига болта маҳкамланган бўлган.

Хавфсизлик кучлари маълумотларига кўра, йигит «ҳарбий характердаги компьютер ўйинлари таъсирида» ҳаракат қилган.

Бироқ, унинг кўкрагида нацистларнинг «Қора қуёш» эмблемаси бўлганлиги ҳақида маълумотлар мавжуд. Турк ОАВларининг қўшимча қилишича, ўсмир тинч аҳолига ҳужумини жонли эфирда намойиш қилган.

Барча жабрланганлар зудлик билан касалхонага ётқизилган. Ҳозирда шифокорлар улардан икки нафарининг ҳаёти учун курашмоқда.

Воқеа борасида Туркия Адлия вазири Йилмаз Тунч изоҳ берган. У ўсмир томонидан яраланган эскишеҳирликларга тезроқ соғайиб кетишларини тилаб, жиноят юзасидан шаҳар Бош прокуратураси томонидан тергов ишлари олиб борилаётганини айтган.

ℹ️ Шунга ўхшаш воқеа ўтган йил октябрь ойида Қозоғистонда содир бўлганди. Петропавловскдаги мактаблардан бирида мактабга ниқобда келган 9-синф ўқувчиси болта билан икки ўғил ва бир қизни яралаган. Ҳужумчи ўз вақтида етиб келган бир неча ўрта мактаб ўқувчилари ва ўқитувчилари томонидан қўлга олинган. Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, қўлга олинган ўсмир вақтинчалик сақлаш изоляторига жўнатилган.

Кейинроқ маълум бўлишича, ҳужум қилган шахс Олмаотадаги Республика руҳий саломатлик илмий-амалий марказида стационар даволанаётган бўлган. Аммо 2022 йил ноябрь ойининг охирида уни уйга жўнатишган ва мактабда ўқишни давом эттиришини тавсия қилишган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ