Эрон Бош штаби Раиси учган вертолёт ҳалокатига қўшимча юк ва ёмон об-ҳаво сабаб бўлганига оид даъволарни рад этди

Қутқарувчилар Раиси вертолёти қулаган жойда. АР фотосурати

Эрон Қуролли Кучлари Бош штабининг авиаҳалокатларни назорат қилувчи алоқа маркази Fars ахборот агентлигининг президент Иброҳим Раиси вертолёти ҳалокатига ҳаддан ташқари юк ва ёмон об-ҳаво сабаб бўлгани ҳақидаги хабарини ёлғон деб атади, деб хабар беради Mehr.

Алоқа маркази «ёвуз ниятли кимсалар ноғорасига ўйнамаслик» учун оммавий ахборот воситаларини мудофаа ва хавфсизлик масалаларига оид маълумотларни марказ билан мувофиқлаштиришга чақирди, дея қўшимча қилади Iran-Intеrnational. Нашрнинг таъкидлашича, Fars Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) билан алоқадор ва ўз хабарида хавфсизлик хизматидаги хабардор манбага таянган.

👉 Аввалроқ Fars президент учган вертолёт бортида хавфсизлик протоколларида рухсат этилганидан кўра икки киши кўпроқ бўлганини маълум қилганди. Шу сабабли, учувчи туманни пайқаб, вертолётни керакли баландликка олиб чиқмоқчи бўлганида, машина етарли қувватга эга бўлмаган ва туман туфайли кўриш чекланган шароитда тоққа урилган.

Эрон Бош штабининг вертолёт ҳалокати сабабларини ўрганиш бўйича биринчи ҳисоботида йўловчилар ва жиҳозлар сони ва юк ташишнинг максимал оғирлиги бўйича вертолёт сиғимига оид қоидалар бузилиши кузатилмагани қайд этилган. Бош штабнинг фалокатни ўрганиш бўйича комиссияси аварияга сабаб бўлиши мумкин бўлган нуқсонларни топмаган, вертолёт парвози ва тоққа урилишидан олдин унга ҳужум уюштирилганини ҳам истисно этади. Комиссиянинг иккинчи ҳисоботида 19 майдаги об-ҳаво шароити парвоз учун қулай деб топилгани алоҳида таъкидланган.

ℹ️ 19 май куни бортида мамлакат президенти Иброҳим Раиси ва Эрон Ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён бўлган вертолёт Шарқий Озарбайжон шимоли-ғарбий провинцияси тоғларига қулаб тушганди. Раиси Озарбайжон президенти Илҳом Алиев иштирокида бўлиб ўтган Аракс дарёсидаги тўғоннинг очилиш маросимидан қайтаётган бўлган. Вертолёт бортидаги 8 кишининг барчаси ҳалок бўлган. Эронда беш кунлик мотам эълон қилинган. Июль ойида собиқ кардиохирург Масуд Пезешкиан мамлакатнинг янги президенти этиб сайланди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ