2021 йил август ойида Афғонистондан олиб кетилган самолёт ва вертолётлар Ўзбекистонда қолади. Бу ҳақда АҚШ элчиси Жонатан Хеникга (Jonathan Henick) асосланиб Kun.uz хабар беради.
«Ўзбекистонда бўлади. Ҳа, энди расман», – дея жавоб берди элчи авиатехника Ўзбекистонга бериладими, деган саволга. У томонлар бу борада қўшма дастурни амалга ошираётганини қўшимча қилди.
«Бу техника ҳеч қачон афғонларники бўлмаган, у Американики бўлган. Улар [Афғонистон армияси] ундан фойланган, лекин биз доим эгаси бўлганмиз», – деб тушунтирди АҚШ элчиси.
ℹ️ 2021 йил август ойида «Толибон»* радикал ҳаракатининг жадал олға силжиши пайтида афғон учувчилари ҳамкасблари ва ўз оила аъзолари билан Афғонистон Ҳарбий-ҳаво кучларига тегишли самолёт ва вертолётларда Ўзбекистон ва Тожикистонга учиб ўтишган. Мазкур авиатехника бир вақтлар Америка армияси томонидан Афғонистон ҳукумати ҳаво кучларига тақдим этилганди. АҚШ Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, Ўзбекистонга 46 та, Тожикистонга эса 18 та, жумладан Embraer EMB 314 Super Tucano, PC-12, C-208, AC-208 и A-29 самолётлари ва А-29, Ми-17, UH-60 вертолётлари олиб ўтилган.
Сентябрь ойида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистонга ноқонуний кириб келган барча собиқ афғон ҳарбийлари ва тинч аҳоли вакиллари учинчи давлатга олиб кетилганини маълум қилганди. Авиатехника тақдири ноаниқлигича қолганди.
2022 йил апрель ойида Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев авиатехника Америка расмийларига қайтарилишини маълум қилганди. «АҚШ ҳукумати улар учун пул тўлаган. У собиқ Афғонистон ҳукуматини молиялаштирган. Шундай қилиб, биз уларнинг тақдири бутунлай Вашингтонга боғлиқ, деб ҳисоблаймиз», — деганди Иргашев.
Шу билан бирга, толиблар ўғирлаб кетилган вертолётлар Афғонистонга топширилиши кераклигини, чунки улар «афғон халқининг мулки» эканини таъкидлашганди.
Ўша йил сентябрь ойида АҚШ Ўзбекистон ва Тожикистон билан Афғонистонда террорчиларни йўқ қилишда ёрдам бериши эвазига ўғирланган авиатехникани топшириш борасида музокаралар олиб бораётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлганди.
*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).