АҚШнинг Афғонистондан олиб кетилган самолётларни Ўзбекистонга топширишга доир қарори Кобулни ғазаблантирди

Афғонистон Мудофаа вазирлиги эмблемаси

Афғонистон Мудофаа вазирлиги АҚШ расмийларининг 2021 йил август ойида Ислом Республикасидан олиб кетилган самолёт ва вертолётларни Ўзбекистонга ўтказиш ҳақидаги қарорини қабул қилиб бўлмас деб атади. Бу ҳақда вазирликнинг расмий Telegram-каналида хабар берилган.

«Ўзбекистондаги афғон вертолётлари ва самолётлари тақдирига оид ҳар қандай келишув ножоиздир», — дейилади баёнотда.

Афғонистон Мудофаа вазирлиги Қўшма Штатлар «афғон халқининг мол-мулкини ҳадя қилишга ёки мусодара қилишга ҳаққи йўқ»лигини таъкидлайди.

«Ўзбекистон ҳукуматининг бу борада ҳар қандай битимлардан воз кечиб, яхши қўшничилик муносабатларини ҳисобга олган ҳолда, оқилона қарор қабул қилиши ва Афғонистон ҳарбий-ҳаво кучларига мазкур ҳаво кемаларини топширишга кўмаклашиши кутилмоқда», — дея хулоса қилади вазирлик.

Бир неча кун аввал АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Хеник (Jonathan Henick) 2021 йил августида Афғонистондан олиб кетилган самолёт ва вертолётларни Тошкентга қолдириш бўйича Вашингтонда қабул қилинган қарор ҳақида маълум қилганди. «Бу техника ҳеч қачон афғонларники бўлмаган, у Американики бўлган. Улар [Афғонистон ҳарбийлари] ундан фойланган, лекин биз доим эгаси бўлганмиз», – деб тушунтирганди АҚШ элчиси.

ℹ️ 2021 йил август ойида «Толибон»* радикал ҳаракатининг жадал олға силжиши пайтида афғон учувчилари ҳамкасблари ва ўз оила аъзолари билан Афғонистон Ҳарбий-ҳаво кучларига тегишли самолёт ва вертолётларда Ўзбекистон ва Тожикистонга учиб ўтишган. Мазкур авиатехника бир вақтлар Америка армияси томонидан Афғонистон ҳукумати ҳаво кучларига тақдим этилганди. АҚШ Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, Ўзбекистонга 46 та, Тожикистонга эса 18 та, жумладан Embraer EMB 314 Super Tucano, PC-12, C-208, AC-208 и A-29 самолётлари ва А-29, Ми-17, UH-60 вертолётлари олиб ўтилган.

2022 йил апрель ойида Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев авиатехника Америка расмийларига қайтарилишини маълум қилганди. «АҚШ ҳукумати улар учун пул тўлаган. У собиқ Афғонистон ҳукуматини молиялаштирган. Шундай қилиб, биз уларнинг тақдири бутунлай Вашингтонга боғлиқ, деб ҳисоблаймиз», — деганди Иргашев.

Шу билан бирга, толиблар ўғирлаб кетилган вертолётлар Афғонистонга топширилиши кераклигини, чунки улар «афғон халқининг мулки» эканини таъкидлашган.

Ўша йил сентябрь ойида АҚШ Ўзбекистон ва Тожикистон билан Афғонистонда террорчиларни йўқ қилишда ёрдам бериши эвазига ўғирланган авиатехникани топшириш борасида музокаралар олиб бораётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлганди.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ