БАА ҳукумати Тожикистон эркакларига виза беришдан бош торта бошлади

ddhk.org сайти фотосурати

Август ойи ўрталаридан бошлаб Тожикистон аҳолиси Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) эркакларга виза беришдан бош тортаётганидан шикоят қила бошлади. Бу ҳақда «Азия-плюс» хабар берди.

«Мана 15 кундан бери Тожикистон фуқаролари шу муаммога дуч келмоқда. Агар бутун оила учун виза сўралса, у берилади, лекин эркаклар алоҳида мурожаат қилса, уларнинг аризалари рад этиляпти», — дейди нашрга сайёҳлик компанияларидан бирининг вакили. Рад этиш сабабларини маълум қилишмаяпти, дея қўшимча қилган у.

Бошқа туроператор вакилининг сўзларига кўра, Fly Dubai авиакомпанияси Дубайга борган Тожикистон фуқаролари орасида БАА қонунларини бузаётганлар ҳам бор, «шунинг учун бу мамлакатга ёлғиз ўзи саёҳат қилаётган эркакларга визалар берилмаяпти», дея тушунтирган. Унинг компанияси «виза рад этилгандан сўнг пулни қайтариш борасида тушунмовчиликларни олдини олиш учун» эркаклардан БААга индивидуал саёҳат учун ҳам аризаларни қабул қилмаяпти.

Учинчи туркомпания эркакларга визалар беришдан бош тортилаётгани фактларини тасдиқлаган, шу билан бирга аёллар ва болалар учун бу масалада муаммо йўқлигини қайд этган.

«Бугун бир эркак хотини ва болалари билан виза сўраб мурожаат қилди ва ҳатто уларга ҳам виза олишларига кафолат берилмаслиги айтилди. Бизга маълум бўлишича, Дубайда ноқонуний ишлаётган Тожикистон фуқаролари аниқланган, шунинг учун эркакларга визалар берилмаяпти. Ҳозирча расмий тушунтириш олганимиз йўқ», — дейди компания ходимлари.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги «Азия-Плюс» нашрига БААда виза олиш билан боғлиқ муаммодан хабардор эканини маълум қилган.

«Бу муаммодан хабардормиз ва унинг сабабларини тушунтириб беришлари учун БАА вакилларига мурожаат қилдик, уларнинг жавобини кутяпмиз», — деб жавоб беган ТИВ.

👉 Эслатиб ўтамиз, 16 август куни Тожикистоннинг БААдаги элчиси лавозимига мамлакат президенти Эмомали Раҳмон қизларидан бири Парвина Раҳмоннинг турмуш ўртоғи Ашраф Гулов тайинланган эди. Амирликка тайинланишидан олдин Гулов Туркиядаги элчихонани бошқарган.

ℹ️ Тожикистон фуқаролари учун БААга виза нархи 1067 сомонини (100 доллар) ташкил қилади. Ўз навбатида, Амирликлар фуқаролари Тожикистонда 30 кунгача визасиз яшаши мумкин: 2022 йил 1 январдан Душанбе 52 давлат, жумладан, БАА билан бир томонлама визасиз режим жорий қилганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ