Тўқаев активларни қайтариш рўйхатидан жой олган ишбилармонларни хайрия ишларига чақирди

Ноқонуний йўл билан қўлга киритилган активларни қайтариш тўғрисидаги қонун субъектлари бўлмиш қозоғистонлик тадбиркорларни ўз хоҳишлари билан активларни давлатга ўтказишни рағбатлантириш керак. Бу ҳақда Президент Қосим-Жомарт Тўқаев 2 сентябрь куни халққа қилган мурожаатида маълум қилди.

Президентнинг сўзларига кўра, капитал амнистиясига умидвор ишбилармонларга активларнинг ноқонунийлигини эътироф этмаган ҳолда ўтказиш тўғрисида шартномаларни тузиш имконини бериш мумкин.

«Бу йирик тадбиркорлар манфаатлари томон қўйилган катта қадамдир. Лекин тадбиркорларнинг ўзлари республика бюджетига маблағларни йўналтириш борасида ҳукумат ва Бош прокуратурага пешвоз чиқишлари лозим. Ва буни ҳар бир тенге учун савдолашмасдан, хайрихоҳлик билан қилиш керак. Шу билан бирга, мазкур шахслар давлатимиз фуқаролари сифатида мактаб, шифохона, стадион, музей ва бошқа ижтимоий-маданий объектлар қурилишига катта миқдорда маблағ йўналтиришга мажбурдирлар. Бундай одамлар номлари хайриячиларнинг «олтин рўйхати»да муҳрланиб қолиши мумкин», — деди Тўқаев.

Шу билан бирга, жараёндан бош тортиш ёки уни кечиктириш ҳолатида «бундай тадбиркорлар билан суҳбат бошқача бўлади», дея огоҳлантирди давлат раҳбари.

Ўтган йил 12 июль куни Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев «Ноқонуний қўлга киритилган активларни давлатга қайтариш тўғрисида»ги қонунни имзолаган эди.

Ноқонуний капиталларни қидириш Бош прокуратура ҳузуридаги махсус ваколатли орган томонидан амалга оширилади. Унинг эътиборига тушиш учун фуқаронинг умумий қиймати 100 миллион доллардан ортиқ активлари бўлиши керак, кимнинг активлари шубҳали бўлса, бу ҳақда маълумотлар махсус комиссияга юборилади. Комиссия шахсни реестрга киритади ва у ўз маблағларининг келиб чиқиши тўғрисида ҳисобот беришга мажбур бўлади. Агар бу иш бажарилмаса, активлар асоссиз равишда қўлга киритилган деб тан олинади ва давлат даромадига ўтказилади. Активлар ғазнага ихтиёрий ёки суд қарори билан мажбуран қайтарилиши мумкин.

Аксарият ҳолларда маблағлар ихтиёрий равишда қайтарилмоқда. Бироқ, август ойида Қозоғистонда келиб чиқиши номаълум бойлик бўйича биринчи суд акти ижро этилди. Суд жараёнида айбланувчилар активларни қўлга киритиш манбаларининг қонунийлигини исботлай олмаган, шундан сўнг 10 миллион доллардан ортиқ маблағ давлат ҳисобига ўтказилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ