Терим учун тўлов оширилгач, туркман деҳқонлари ўз фарзандларини пахта далаларига олиб чиқа бошладилар

business.com.tm сайти фотосурати

Туркманистонда пахта терими кампанияси бошланишидан олдин туман ҳокимликлари раҳбарияти дала ижарачиларига теримчилар иш ҳақини бир килограмм «оқ олтин» учун 60 тангадан (давлат курси бўйича 0,17 доллар ёки қора бозор курси бўйича 0,03 доллар) 1 манатгача (0,29 доллар) ошириш ҳақида маълумот юборди. Бу эса фермерларнинг ўз фарзандларини дала ишларига жалб қила бошлашига сабаб бўлди, деб ёзади «Хроника Туркменистана» нашри.

Нашрнинг ёзишича, тўрт-беш кишидан иборат оила кунига ўртача 180-200 килограмм пахта териши мумкин.

Бинобарин, бу ҳолда даромад кунига 200 манатгача (57 доллар ёки 10,5 доллар) ёки ойига тахминан 6 минг (1714 доллар ёки 316 доллар) бўлади.

Даромадни ошириш мақсадида фермерлар жорий йил июль ойида Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги томонидан чиқарилган республикада 18 ёшга тўлмаган болаларни пахта теримига жалб этиш расман тақиқланишига оид қонунни бузишга тайёр.

Шу билан бирга, Саят этрапидаги бир қанча қишлоқ хўжалиги бирлашмалари раҳбарлари ушбу муаммони ҳал этишни сўраб маҳаллий ҳокимиятларга мурожаат қилгани ҳақида маълумотлар бор. Ўз навбатида, ҳоким ота-оналардан болалар меҳнатини тақиқловчи қонунни бузганликлари учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари олдида жавоб беришга розиликлари тўғрисида ёзма маълумотнома талаб қилишни маслаҳат берган. Тегишли «қоғозлар»ни йиғиш масъулияти қишлоқ хўжалиги бирлашмалари раҳбарияти ва мактаб ўқитувчиларига юклатилган.

Деҳқонларнинг фикрига кўра, болаларни далага олиб чиқмаслик учун Туркманистонда пахта нархини шундай белгилаш зарурки, токи икки-уч катта ёшдаги кишидан иборат оила ойига олти минг манат ишлаб топа олсин.

Пахта терими жараёнини кузатаётган бригадир ва агрономлар ҳам масъулиятдан ўзларини олиб қочишади. Улар далада ҳеч ким қолмаганда, кечки соат саккиздан кейин пайдо бўлишни афзал кўришади. Шунда қоидабузарликлар ҳақида юқорига хабар беришга асос бўлмайди.

Таъкидланишича, давлатга топширилаётган пахта килограмми учун тўловни ошириш энг юқори даражада ҳал этилган. Негаки, шу йил февраль ойида мамлакат президенти Сердар Бердимуҳамедов пахта сотиб олиш нархини оширишни тасдиқлаган эди. Шундай қилиб, пахта терими бошланган кундан бошлаб 15 октабргача бир тонна хомашё 5000 манат (бир йил олдинги 1500 ўрнига) туради. 15 октабрдан 15 ноябргача бўлган даврда – 4770 манат (1430 манат), 15 ноябрдан акция охиригача – 4550 манат (1365 манат) бўлади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ