Ашхобод аэропортида Москвага учиб кетаётган одамларнинг рус тилидан билим даражаси текширилмоқда

Ашхобод аэропортида. turkmen.news сайти фотосурати

Ашхобод аэропортида миграция хизмати ходимлари Россияга учиб кетаётган фуқароларнинг рус тилидан билим даражасини текшира бошладилар. Агар бирор киши саволларни тушунмаса, у ҳолда мамлакатдан чиқиб кетишига рухсат берилмайди, деб ёзади Turkmen.News.

Нашр маълумотларига кўра, ҳозирги кунда олий ўқув юртидан таклифнома, ёшлар учун ҳарбий комиссариатдан маълумотнома ва бошқа бир қатор ҳужжатлардан ташқари, Россия Федерациясига бораётганлардан рус тили курсларида ўқиганликларини тасдиқловчи таълим марказларининг биридан олинган сертификат талаб қилинмоқда. Ҳар куни парвозларга бир неча ўнлаб одамлар қўйилмаяпти. Паспорт назоратида асосан ўқишга таклифномаси бўлган ёшлар текширилмоқда. Айнан шулар аэропортда рус тилидан имтиҳон қилинмоқда.

Афтидан, бу Туркманистон фуқароларининг Россияга кетиш учун ўқишни тугатмасдан туриб, 1500 манатлик (давлат курси бўйича 427 доллар ва қора бозор курси бўйича тахминан 75 доллар) сертификат сотиб олаётгани билан боғлиқ кўринади.

Бироқ, ҳатто рус тилини билиш ва сертификатга эга бўлиш ҳам Миграция хизмати ходимлари томонидан фуқаронинг мамлакатдан чиқариб юборилишига кафолат беролмайди. Шундай қилиб, 27 август куни олтита ёш йигит паспорт назоратидан ўтолмай, Москвага учадиган самолётга чиқишолмаган. Turkmen.News манбаларига кўра, ҳар қандай важ билан ёшларни Россияга чиқариб юбормаслик ҳақида «юқоридан» кўрсатма берилган. Гўёки ёшлар у ердан Украинада ўтказилаётган МҲО га кетишмоқда ёки Россияда ишлаш учун ноқонуний қолишмоқда.

Туркияга учадиган рейсларда ҳам худди шундай ҳолат кузатилмоқда. «Хроника Туркменистана» ўз манбаларига асосланиб, 28 август куни Истанбулга 60 га яқин туркманистонлик учиб кетолмаганини хабар қилган.

Нашрнинг ёзишича, Туркманистон аҳолиси четга чиқиш масаласини паспорт назорати ойнаси ортида ўтирганлар ҳал қилмаслигини яхши тушунади. Буйруқ юқоридан берилади. Ҳукумат фуқароларнинг нима қилиб бўлсаям республикани тарк этиш истагида эканидан хавотирда ва уларнинг чиқиб кетишининг олдини олиш учун янги чораларни кўрмоқда. Бу мамлакатда иш ўринларининг йўқлиги ва иш ҳақининг пастлиги туфайли аҳолининг ёппасига чиқиб кетаётгани билан боғлиқ.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ