Ётоқхоналарда жой етишмаслиги сабаб, туркман талабалари спартан шароитида яшашга мажбур бўлишмоқда

e-cis.info сайти фотосурати

Ашхободдаги университетлар талабалари ётоқхоналарда икки кишига мўлжалланган хонада беш-етти киши бўлиб яшашга мажбур бўлишмоқда. Айниқса, биринчи ва иккинчи курс талабалари учун бу муаммо долзарблигича қолмоқда, деб ёзади Turkmen.news.

Нашрнинг ёзишича, жорий ўқув йилида биринчи курс талабалари сони 303 нафарга кўпайган, бироқ расмийлар улар учун қўшимча жой тайёрлашмаган. Ачинарли ҳолат пойтахтдаги деярли барча олий ўқув юртларида кузатилмоқда. Масалан, Яғшигелди Какаев номидаги Халқаро нефть ва газ университети ётоқхонасида икки кишилик хоналарга тўрт кишидан, Туркман давлат университетида эса беш-етти кишидан одам жойлаштиришмоқда.

Натижада, ёшлар кроватлар ораси ва эшик ёнидаги полда ётишмоқда. Бундай шароитда қўшнини безовта қилмасдан хонага кириш ёки чиқишнинг иложи йўқ. Кўпинча талабалар бир кроватда икки киши бўлиб ётишади.

Бундай шароитда дарсларга тайёргарлик кўриш жуда қийин ва агар кимдир касал бўлиб қолса, касаллик тез орада хонадаги барча одамларга тарқалади.

Баъзи таълим муассасалари раҳбарияти талабаларга қариндошлари билан яшаш ёки шаҳарда квартирани мустақил равишда ижарага олишга имкон беради, лекин бу одатда учинчи ва ундан катта курсдагиларга тегишли.

Аммо бу ерда ҳам ҳамма нарса текис эмас. Деканатда назоратсиз қолган талабалардан ётоқхонадан ташқарида яшаш тўғрисидаги ариза, ота-оналар ва уй эгасининг паспортлари нусхаларидан тортиб, бир қарашда бемаъни кўринган маълумотномаларгача ҳужжатларни талиб қилишади.

Жумладан:

✔️ қимор ўйнамаслик, чекмаслик, спиртли ичимликлар ва гиёҳванд моддаларни истеъмол қилмаслик, қўшнилар билан жанжаллашмаслик ҳақида ёзма мажбурият;

✔️ учта фотосурат, унда талаба квартира ичида, кириш эшиги олдида ва уйнинг олд томонида суратга олинган бўлиши керак;

✔️ ота-оналардан фарзандининг спиртли ичимликлар ва гиёҳванд моддаларни истеъмол қилмаслиги тўғрисида маълумотнома, шунингдек, фарзандининг кафе, бар ва ресторанларга бормаслиги, чет элга, шу жумладан дам олгани бормаслиги тўғрисидаги кафолат;

✔️ ота-оналарнинг боласига ҳар куни қўнғироқ қилиши, ҳар ойда бир марта келиши ва яшаш шароити ва талабанинг йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилаётганини текширишлари тўғрисида тилхати;

✔️ уй эгасининг квартирада юқоридаги қоидабузарликларнинг олдини олиши ва ижарачининг қонунга хилоф хатти-ҳаракатлари тўғрисида олий ўқув юрт раҳбариятига хабар беришига доир тилхати.

Талабалардан бирининг журналистларга айтишича, декан талабаларнинг ушбу мажбуриятларни бажараётганини масофадан кузатиб туриши учун университет вакиллари томонидан хонадонларга кузатув камераларини ўрнатишгина қолган холос.

  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди