БМТ Марказий Осиёда фуқаролиги бўлмаган шахслар сони етти баробар камайганини қайд этди

akipress.org сайти фотосурати

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги (БМТҚК) Марказий Осиё бўйича бошқармаси экспертлари сўнгги ўн йил ичида ушбу минтақанинг постсовет республикаларида фуқаролиги бўлмаган шахслар сони етти баравар камайганини маълум қилди. Бу статистик маълумотлар Ашхободдаги брифингда таъкидланди, дея хабар беради ТАСС.

Ушбу маълумотларга кўра, 2014 йили глобал IBelong кампанияси бошланганда 252,2 минг фуқаролиги йўқ одам бор эди. Жорий йилнинг 30 октябрь ҳолатига кўра, бу кўрсаткич 34,2 мингтага камайган.

Аниқлик киритилишича, энг кўп ҳал этилмаган ҳолатлар Ўзбекистонга тўғри келади, бу ерда 22,4 минг фуқаролиги бўлмаган шахс қайд этилган. Кейинги ўринда Қозоғистон – 7,4 минг киши.

Ўтган ой охирида БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги вакиллари Тожикистонга ташриф буюриб, вазиятни жойида ўрганган. Маълум қилинишича, 2024 йилнинг ўрталарида республикада 3,6 минг фуқаролиги бўлмаган шахс бўлган. Уларнинг аксарияти собиқ Совет Иттифоқи фуқаролари ёки мустақил давлатларнинг фуқаролигини тасдиқламаган уларнинг авлодлари бўлган. БМТнинг қўшимча қилишича, бундай мақом асосий ҳуқуқ ва хизматлардан, жумладан, таълим, соғлиқни сақлаш ва иш билан таъминлашни қийинлаштиради.

Қирғизистон ва Туркманистон фуқаросизликка бутунлай барҳам берган. БМТ Қочқинлар бўйича олий комиссарлиги ҳисоботига кўра, 2019 йили Қирғизистон дунёда фуқаролиги йўқ шахслар мавжуд бўлмаган биринчи давлат ҳисобланган. Туркманистон расмийлари ҳам худди шундай муваффақиятга эришгани ҳақида шу йилнинг октябрь ойи ўрталарида хабар берилганди. Ўшанда БМТ экспертлари республика ўз ҳудудидаги барча маълум ҳолатларни ҳал қилганини, сўнгги йилларда 32 мингдан ортиқ фуқаро ушбу давлат паспортини олганини тан олди.

  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди