Қозоғистонда фуқароларга фирибгарлар томонидан расмийлаштирилган кредитларни ҳисобдан чиқариш таклиф қилинди. Бу ташаббус Республика Олий суди халқаро кенгаши томонидан илгари сурилди, деб хабар беради унинг матбуот хизмати.
Агар суд мижоз иштирокисиз кредит фирибгарлик йўли билан берилганини аниқласа, кредит ташкилоти қарзни ҳисобдан чиқаришга мажбур бўлади. «Ушбу меъёр кредит ташкилотларини берилган кредитлар хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўришга ундаши керак», — дейилган кенгашда. Шунингдек, онлайн кредитлашда мажбурий биометрик аутентификацияни жорий этиш ва бу хизматни пенсионерлар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари учун чеклаш таклиф этилди.
Кенгаш тавсиялари қарорлар қабул қилишга ваколатли органларга юборилади, дея қўшимча қилади матбуот хизмати.
Интернет-фирибгарлар мунтазам равишда жамоатчиликни алдашнинг янги усулларини ўйлаб топишади. Уларнинг таъсири остида фуқаролар банк ва микромолиявий кредитлар олиб, кўчмас мулкларини сотиб, жиноятчиларга пулларини жўнатишади.
Қозоғистон Жиноят кодексида интернет-фирибгарлар қурбонлари манфаатларини ҳимоя қилувчи модда йўқ, аммо жабрланувчиларни ҳимоя қилишнинг фуқаролик-ҳуқуқий усуллари мавжуд. Улар «дропперлар» — ҳисобларига пул тушган шахслардан маблағларни ундириш тўғрисидаги даъволар билан судга мурожаат қилишлари, шунингдек, банклар ва микромолия ташкилотларининг ҳаракатларига эътироз билдиришлари мумкин. Жорий йили 2022 йилга нисбатан бундай мурожаатларнинг ўсиши 270 фоиздан ошган.
Сўнгги пайтларда республикада фирибгарларга қарши курашиш йўллари қизғин муҳокама қилинмоқда. Шу тариқа, Молия бозорини тартибга солиш ва ривожлантириш агентлиги раҳбари Мадина Абилқосимова кредит олиш учун ариза бериш ва маъқуллаш ўртасидаги рискларни яхшироқ баҳолаш имконини берадиган совутиш даврини жорий этишни таклиф қилди. Ўз навбатида, парламент депутати Маҳаррам Маҳаррамов жисмоний шахсларга берилган кредитларни фирибгарликдан мажбурий суғурта қилиш тизимини ишлаб чиқишни таклиф қилди. Унинг сўзларига кўра, бу банклар ва қозоғистонликлар ўртасида рискларни тақсимлаш имконини беради, бу эса жабрланганлар молиявий юкини камайтиради.