Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ва БАА компанияси Навоий вилоятида шамол электр станциясини қуради

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ва Бирлашган Араб Амирликларининг Masdar компанияси ўртасида Навоий вилояти Учқудуқ туманида 1000 МВт қувватга эга шамол электр станцияси (ШЭС) қуриш лойиҳасини амалга ошириш бўйича шартнома тузилди. Ҳужжатларни имзолаш маросими Боку шаҳрида БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича CОР29 конференцияси доирасида бўлиб ўтди, деб хабар беради Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, объект қурилиши жараёнида 800 тагача иш ўрни яратилади. Лойиҳа амалга оширилгач, шамол станцияси йилига 3,5 миллиард кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқаради.

Бу қарийб 1 миллиард куб метр табиий газни тежаш имконини беради.

Атроф-муҳитни муҳофаза қилишда шамол станциясини қуриш муҳим аҳамиятга эга. Объектнинг ишлаши туфайли атмосферага зарарли моддалар тарқалиши йилига 1,4 миллион тоннага камаяди.

Ўзбекистон расмийларининг қайд этишича, мазкур лойиҳа Masdar компанияси билан Марказий Осиё республикасининг энергия хавфсизлигини ошириш, иш ўринлари яратиш ва иқтисодиётини юксалтиришга қаратилган ҳамкорликнинг навбатдаги босқичидир.

«БААнинг «Уч баравар кўп қайта тикланувчи энергия қувватларини яратиш» ташаббуси билан биргаликда, биз ҳам дунё миқёсида иқлим ўзгаришига қарши курашишга қаратилган ҳаракатларга қўшиламиз. Ўзбекистон, ўз навбатида, Париж шартномаси мақсадларини қўллаб-қувватлайди ва қайта тикланувчи энергия соҳасидаги глобал ҳамкорликни кенгайтиришни мақсад қилган», — дейилади Энергетика вазирлиги баёнотида.

Masdar Ўзбекистонда умумий қуввати қарийб 1500 МВт бўлган қатор лойиҳаларни амалга оширган. Хусусан, гап Зарафшондаги 500 МВт қувватга эга шамол электр станцияси, шунингдек, Кармана (100 МВт), Ғаллаорол (220 МВт), Каттақўрғон (220 МВт) ва Шеробод (457 МВт) қуёш фотоэлектр станциялари ҳақида бормоқда.

Ҳозирда БАА инвесторлари Бухоро вилоятининг Олот туманида (250 МВт) ва Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида (300 МВт) фотоэлектр станцияларини қуришда иштирок этмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ