Қозоғистон жанубидаги ҳарбий қисмда офицер ҳалок бўлди — яқинлари уни ўлдирилган деб ҳисоблашмоқда

nur.kz сайти фотосурати

14 ноябрь куни Жаркент гарнизони ҳарбий қисмларидан бирида (Қозоғистон жанубида) офицер ҳалок бўлди, деб ёзади Zakon.kz Қуруқликдаги қўшинлар матбуот хизматига таяниб.

Ҳодиса режадан ташқари диверсияга қарши хавфсизлик машғулотлари вақтида содир бўлган. Ҳарбий хизматчи «хавфсизлик чораларини бузиш натижасида» ҳаётга зиён етказадиган жароҳатлар олган», — дейилади хабарда.

Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Тергов манфаатлари доирасида бошқа маълумотлар ошкор қилиниши мумкин эмас. Қуруқликдаги қўшинлар қўмондонлиги ҳам марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирган. «Оилага барча зарур ёрдам кўрсатилади», — дейилади хабарда.

Айни пайтда, марҳумнинг қариндошлари — гап 26 ёшли капитан Дархан Даулет ҳақида кетаётгани маълум – уни аскарлар ўлдирган бўлиши мумкин, дея даъво қилишмоқда. Офицернинг холаси Гулмира Собированинг КТК телеканалига айтишича, унинг жияни, даставвал, бўғилишдан вафот этган. «Текширув шуни кўрсатадики, улар унинг оғзига латта тиқиб, бўғиб ўлдиришган», — дейди аёл.

Собированинг қўшимча қилишича, Дархан Қуруқликдаги қўшинлар ҳарбий институтини имтиёзли диплом билан тамомлаган ва 5 йил давомида Жамбил вилояти Отар қишлоғида хизмат қилган. Икки ой олдин Жаркентга кўчирилган.

HALYQSTAN Telegram-канали ёзилишича, офицер ҳалок бўлган кундаги воқеалар қуйидагича рўй берган: фожиа арафасида бўлинма командирларидан бири уч нафар аскарга оғзаки кўрсатма бериб, уларга «диверсияга қарши хавфсизликни таъминлаш мақсадида барча шубҳали шахсларни ҳибсга олишни буюрган». Ярим тунда улар 74261-сонли ҳарбий қисмга масъул бўлган Даулет Дарханни «ушлашган». Боз устига, аскарлар унга қўл жангидаги бўғиш усулини қўллашган. Ҳушини йўқотган офицерни оддий аскарлар боғлаб, ҳарбий қисмнинг спорт лагери томон олиб боришган, кейинчалик уни ўтиб кетаётган катта лейтенант кўриб қолган. Навбатчи фельдшер етиб келганда Даулет Дархан аллақачон ўлган бўлган.

Яқинда Қозоғистон шарқида яна бир фожиа юз бергани ҳақида хабар берилганди. 7 ноябрь куни Чегара хизматининг Шарқий Қозоғистон вилояти бошқармасида муддатли ҳарбий хизматчи ҳалок бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, ўлимга ўз жонига қасд қилиш сабаб бўлган.

2024 йил 13 октябр куни Шахтинск шаҳрида «Ўрталиқ» минтақавий қўмондонлигига қарашли 6505-ҳарбий қисмда шартнома асосида хизмат қилаётган аскарнинг жасади топилган. Дастлабки маълумотларга кўра, у оилавий жанжал туфайли ўз жонига қасд қилган. Бунгача Олмаотадаги Қуруқликдаги қўшинлар ҳарбий институти ҳудудида ҳарбий хизматчи жасади топилганди. Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Июнь ойида муддатли ҳарбий хизматчи Абай вилоятида ўқув машғулотлари чоғида ҳалок бўлган эди.