Тожикистон парламенти ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида қонун қабул қилди

Тожикистон парламенти. khovar.tj сайти фотосурати

Тожикистонда ижтимоий тадбиркорлик қонунчилик даражасида қўллаб-қувватланади. Тегишли қонун 13 ноябрь куни Тожикистон парламентининг Мажлиси намояндагон (қуйи палата) депутатлари томонидан қабул қилинди, дея хабар беради «Азия-Плюс».

Ҳужжат мамлакатда ижтимоий тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай иқтисодий муҳит яратиш орқали фуқаролар турмуш сифатини ошириш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий муаммоларни ҳал этишга қаратилган.

Жумладан, янги қонун аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш тушунчасини кенгайтиради. Эндиликда у нафақат тўғридан-тўғри нақд пул тўловлари ва давлатнинг моддий ёрдамини, балки аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларининг меҳнат қобилиятини тиклаш ва иқтисодий интеграциялашуви учун шароитлар яратишни ҳам ўз ичига олади. Бундай ёндашув мазкур гуруҳларнинг иқтисодий фаолиятидан солиқ тушумларини кўпайтириш, уларнинг молиявий барқарорлиги ва ўзини-ўзи таъминлашга кўмаклашиш орқали бюджет харажатлари ўсишини қисман қоплашга қаратилган.

Депутатлар мазкур қонун қабул қилинишини «мутлақо ўз вақтида» содир бўлганини таъкидлашди, чунки у «меҳнат бозоридаги ижтимоий номутаносибликни бартараф этиш учун ҳуқуқий шарт-шароитлар яратади, аҳолининг ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларининг бошқа ҳуқуқларини амалга оширишга адолатли, инклюзив муносабатни таъминлайди».

ℹ️ «Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш жорий йил баҳорида бошланган. Таъкидланганидек, ишлаб чиқилаётган ва молиялаштирилаётган ташаббуслар мулкдорга фойда келтириш учун эмас, балки бевосита мавжуд ижтимоий муаммоларни ҳал қилишга қаратилган бўлса, бундай фаолият ижтимоий ҳисобланади.

Ижтимоий бизнеснинг энг ёрқин мисоллари орасида янги қонунга тааллуқли бўлиши аниқ бўлган «Ирода» жамоат ташкилоти ҳузурида бошланғич аутизмли болаларни ўқитиш марказини ташкил этиш ва «Корвони Умед» ташкилотига қарашли «Чатр» кафесининг оиладаги зўравонликдан жабр кўрган аёлларни тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш бўйича ижтимоий йўналтирилган бизнес лойиҳалари қайд этилди.