Қирғизистоннинг Тўқтўғул ГЭСида немислар билан биргаликда сузувчи электр станция қурилади

Шартнома имзолаш маросими. Қирғизистон Энергетика вазирлиги матбуот хизмати фотосурати

Қирғизистоннинг Тўқтўғул ГЭСида икки фазадан иборат қуввати 612 МВт бўлган сузувчи қуёш электр станцияси қурилади. Республика Энергетика вазирлиги раҳбари Таалайбек Ибраев Германияга ташрифи чоғида немис компаниялари билан тегишли инвестиция шартномасини тузди, деб хабар беради вазирлик матбуот хизмати.

Сузувчи электр станциясини қуриш ва ундан фойдаланиш бўйича келишув 26 ноябрь куни имзоланган. Лойиҳада Германиянинг Sonnenenergie, a.s., AB Progressio GmbH, LTI ReEnergy CleanTech Project Development UG корпорациялари, шунингдек, Қирғизистоннинг «СЭС Токтогул» ОАЖ ва «СЭС Токтогул КГ» ОАЖ иштирок этади.

«Ҳужжатнинг асосий мақсади Қирғизистон Республикасининг яшил энергия лойиҳаларига сармоя жалб этиш, электр энергияси импортига қарамликни камайтириш ва энергия хавфсизлигини мустаҳкамлашдан иборат», — дейилади Марказий Осиё Республикаси Энергетика вазирлиги баёнотида.

Вазирлик матбуот хизмати лойиҳа қийматини айтмаган, бироқ қурилиш ишлари тўрт йилгача давом этишини қайд этган.

Ибраевнинг Германияга ташрифи доирасида Энергетика вазирлиги ва Siemens Energy Global GmbH & Co. KG компанияси ўртасида ҳам ўзаро англашув меморандуми имзоланган. Мазкур ҳужжат энергетика соҳасидаги лойиҳаларни тадқиқот этиш ва амалга оширишга қаратилган.

Жорий йилнинг март ойида Қирғизистон президенти Садир Жапаров мамлакатдаги электр таъминотидаги узилишларни тушунтирар экан, айрим ГЭСлар жиддий модернизацияга муҳтожлигини айтган эди. Мисол тариқасида у Тўқтўғул ГЭСидаги ишларни келтирган.

«5 мартдан бошлаб Тўқтўғул ГЭСининг биринчи ГЭСини реконструкция қилишни бошладик. Қишгача таъмирлаш ишларини якунласак, қўшимча 60 МВт қувват оламиз. 2022-2023 йиллари иккинчи ва тўртинчи гидроагрегатларни капитал таъмирлашни амалга оширгандик. Учинчи блок келаси йили таъмирланади. Шундай қилиб, Тўқтўғул ГЭСи Қирғизистон халқига яна 40-50 йил хизмат қилади», — деганди давлат раҳбари.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ