Нуронийлар камбағалликка қарши кураш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга жалб қилинади

yuz.uz сайти фотосурати

Ўзбекистонда оилаларни камбағалликдан чиқариш, соғлом турмуш тарзи ва ижтимоий-маънавий муҳитни шакллантиришга ҳурмат-эътиборли, катта ҳаётий тажрибага эга фаол нуронийлар жалб этилади. Бу меъёр мамлакат президенти Шавкат Мирзиёевнинг 26 ноябрдан кучга кирган фармонида белгилаб қўйилган.

Ҳужжатга кўра, фаоллар «Нуроний» жамғармаси ва Республика Маҳаллалар уюшмаси томонидан танлаб олинади, мазкур ташкилотларга кўмак эса Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан амалга оширилади.

Уч нафар фаол нуроний бешта камбағал оилага бириктирилади.

Уларнинг вазифасига қуйидагилар киради:

👉 хонадон томорқасидан самарали фойдаланиш, томорқада юқори даромадли экин турлари экилишини ташкил этиш, етиштирилган маҳсулотларни реализация қилишга кўмаклашиш;

👉 оилани даромадли қилиш учун кўчма дўкон, ишлаб чиқариш ускуналари ва бошқа техника воситаларини бўлиб тўлаш шарти билан ижарага олишга кўмаклашиш;

👉 кам таъминланган оилалар фарзандларини ёшларнинг қизиқишларидан келиб чиқиб, ҳунарманд ва усталарга шогиртликка бириктириш;

👉 оилалар томонидан ижтимоий шартномада белгиланган мажбуриятларнинг бажарилишини назорат қилиш.

Соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш масалаларида нуронийлар пиёда юриш маданиятини тарғиб қилади, маҳалла аҳлини ёмон одатлардан воз кечишга чорлайди, уларни жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга чорлайди, мусобақалар ташкил этади.

Шунингдек, фаолларга ногиронлиги бўлган шахсларни оммавий тадбирларга жалб этиш, муаммоли оилалар билан ишлаш вазифаси юклатилган.

Шунингдек, нуронийлар «Обод маҳалла», «Камбағалликдан фаровонлик сари» ва «Яшил макон» дастурлари ижроси натижалари устидан жамоатчилик назоратини таъминлайдилар.

Нуронийлар кам таъминланган оилаларга олти ойга бириктирилади. Бу даврда кураторлар энг кам ойлик иш ҳақининг 50 фоизи – 577,5 минг сўм (45 доллар) миқдорида мукофот пули олади.

Қолаверса, маҳаллаларда мусобақаларни ўтказиш ёки транспорт харажатлари «Нуроний» жамғармаси ҳисобидан қопланади. Худди шу тузилмага кекса ёшдаги фуқароларни спортга жалб қилиш учун йилига 10 миллион сўм (778 доллар) ажратилади.

Иқтисодиёт ва молия вазирлигига маҳаллалардаги муҳим ижтимоий масалаларни ҳал қилиш учун 2025 йилги бюджетдан 504 миллиард сўм (39,2 миллион АҚШ доллари) «Нуроний» жамғармасига йўналтириш топширилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ