Бишкек маъмурий суди троллейбус алоқа тармоқлари ва тортиш подстанцияларини демонтаж қилишни тўхтатиб туриш ҳақидаги ўз қарорини бекор қилди. Янги қарор 27 ноябрь куни қабул қилинди, деб хабар беради Қирғизистон пойтахти мэрияси матбуот хизмати.
Шундай қилиб, суд «Бишкек троллейбус бошқармаси» коммунал корхонасининг 22 ноябрь куни судга тақдим этган даъвосини қаноатлантирган.
«Суд троллейбус алоқа тармоғи ва тортиш подстанцияларини демонтаж қилишни тўхтатиб туриш кўринишидаги даъвони таъминлаш чораларини қўллаш учун асос топмади, натижада демонтажни тўхтатиб туриш тарзидаги вақтинчалик чора-тадбирлар қарор чиқарилгунга қадар бекор қилинди», — дейилади шаҳар ҳокимлиги хабарида.
22 ноябрь куни Бишкек маъмурий суди пойтахт мэриясига троллейбус алоқа тармоғини демонтаж қилишни тўхтатиб туришни буюрганди. Ҳужжатда тармоқ ва подстанцияларнинг тўлиқ демонтаж қилиниши уларни қайта тиклаш имкониятини йўққа чиқариши таъкидланган. Яъни, шаҳарда троллейбусни сақлаб қолишга оид якуний қарор чиқарилса, алоқа линияларини қайта ишга тушириш имконсиз бўлади.
Бишкеклик фаолларнинг хабар беришича, ноябрь ойи бошида Туркий давлатлар ташкилоти саммити ўтказилиши муносабати билан пойтахтда троллейбуслар ҳаракати тўхтатилган. Ҳокимлик ушбу транспорт тури тез-тез бузилиб, тирбандлик ҳосил қилгани учун ҳаракати тўхтатилганини тушунтирган. Аммо сиёсий форум якунланганидан кейин ҳам пойтахт кўчаларида троллейбуслар пайдо бўлмаган.
ℹ️ Жорий йил июль ойида Бишкек маъмурияти раҳбари Айбек Жушуналиев ушбу турдаги жамоат транспортидан бутунлай воз кечилишини, унинг ўрнига электр автобусларини ишга тушириш режалаштирилганини маълум қилганди.
Шу билан бирга, расмийлар ташаббус муҳокама қилинишидан олдинроқ троллейбус йўлларини демонтаж қила бошлаганлар.
Пойтахтликлар ҳокимликнинг бундай ҳаракатларига бир неча бор қарши чиқишган. Масалан, ноябрь ойи ўрталарида улар «Ҳоким истеъфога чиқсин, троллейбуслар қайтарилсин!» шиори остида очиқ акция ўтказиш ниятида бўлишганди.