Россия президенти Владимир Путин «Орешник» ракета тизимини серияли ишлаб чиқариш бошланганини маълум қилди. Бу ҳақда у КХШТ Коллектив хавфсизлик кенгашининг Остонадаги сессиясида ҳамкасбларини махсус ҳарбий операция атрофидаги вазиятдан хабардор қилаётган пайтда айтиб ўтди, деб хабар беради «Интерфакс».
Путин ўз нутқида Ғарб ракеталари билан Россия Федерациясига қарши давом этаётган ҳужумларга, жумладан, ушбу қуроллар билан жавоб берилишини таъкидлаб, Россия Мудофаа вазирлиги ва Бош штабнинг Украинага қарши ҳужумлар учун янги нишонлар танлаётганини қўшимча қилди. Булар Киевдаги ҳарбий объектлар ва қарор қабул қилиш нуқталари бўлиши мумкин.
«Якунда, танланган нишонларнинг табиати ва Россия Федерациясига таҳдидларидан келиб чиқиб, биз уларни йўқ қилиш воситаларини танлаймиз», — деди Путин.
Шунингдек, у «Орешник» хусусиятлари ҳақида гапириб берди.
«Ўнлаб бўлакларга бўлинадиган жанговар каллаклар нишонга 10 мах тезлигида ҳужум қилади. Бу бир сонияда уч километр йўл босади дегани. Зарар етказувчи элементларнинг ҳарорати 4 минг даражага етади. Агар хотирам панд бермаётган бўлса, Қуёш юзасидаги ҳарорат беш ярим-олти минг даражага эга. Шундай экан, портлаш эпицентридаги ҳамма нарса фракцияларга, элементар заррачаларга бўлинади ва моҳиятан кулга айланади», — деди Путин.
«Ракета ҳатто катта чуқурликда жойлашган ва юқори даражада ҳимояланган объектларни ҳам вайрон қилади», — деди президент ва «ушбу ракеталардан оммавий ва гуруҳли фойдаланилган тақдирда, зарбаларнинг кучи ядро қуроли қувватига тенг бўлишини» га оид ҳарбий-техник экспертлар фикрини келтирди.
Шу билан бирга, «Орешник», Путиннинг сўзларига кўра, «албатта, оммавий қирғин қуроли ҳисобланмайди».
«Биринчидан, буни 21 ноябрдаги синов тасдиқлади, бу қуроллар юқори аниқликка эга, иккинчидан, бу ерда ядровий заряд йўқ, шунинг учун уни қўллаганидан кейин ядровий ифлосланиш бўлмайди», — деб тушунтирди у.
Давлат раҳбари «Москва Брянск ва Курск вилоятлари ҳудудига Ғарб қуроллари билан қилинган ҳужумларга жавобан жанговар шароитларда («Орешник»ни) синовдан ўтказишга мажбур бўлганини» таъкидлади.
«Албатта, дунёда «Орешник» аналоги йўқ. Ва шунга ўхшаш аналоглар яқин орада пайдо бўлмайди, деб ўйлайман», — дея хулоса қилди Россия президенти.
28 ноябрь, пайшанба куни Остона шаҳрида Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига (КХШТ) аъзо давлатлар раҳбарлари йиллик саммитини ўтказишмоқда. Ушбу ташкилотдаги иштирокини музлатиб қўйган Арманистон президенти йиғилишда бўлмади.