Ўзбекистон ҳукумати 2025 йили мева-сабзавот экспортини 3,5 миллиард долларга етказиш вазифасини қўйди.Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевнинг тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари иштирокидаги йиғилишида сўз борди, деб хабар қилади давлат раҳбари матбуот хизмати.
Расмийларга кўра, жорий йили Ўзбекистондан бошқа мамлакатларга озиқ-овқат етказиб бериш ҳажми 370 миллион долларга ошиб, 2 миллиард долларга етган. Мамлакат ўрик экспорти бўйича дунёда учинчи, гилос ва шафтоли етказиб бериш бўйича еттинчи, дуккакли экинлар бўйича ўнинчи ўринни эгаллаган. Бироқ, бу имкониятнинг чегараси эмас.
Келгусида белгиланган мақсадларга эришиш учун бир қатор чора-тадбирларни амалга оширишга қарор қилинди. Хусусан, аҳолига сабзавот ва мева етиштириш учун кенг имкониятлар яратиш кўзда тутилган. Таъкидланганидек, сўнгги беш йилда аввал пахта ва ғалла экилган 260 минг гектар ер фермер хўжаликларига берилган. Бу дастурни давом эттириб, яна 104 минг гектар майдонни бўшатиш режалаштирилган.
Шунингдек, республиканинг барча ҳудудларини фаоллаштириш зарур. Агар Қорақалпоғистон ва Жиззах вилояти экспорт ҳажмини икки баробардан ортиқ, Хоразм қарийб икки баробар, Сурхондарё вилоятида эса 1,6 бараварга оширган бўлса, Бухоро ва Сирдарё вилоятларида натижалар пасайган.
Президент маҳаллалардаги ишларни танқид қилди. Унга кўра, 26 туманда томорқа ер эгаларига кўмак кўрсатилмаган, айрим ҳолларда деҳқонларга сифатсиз уруғлик сотилгани натижасида ҳосил йўқолган. Ушбу муаммоларни бартараф этиш учун ҳар бир хонадонга Карантин ва ўсимликларни муҳофаза қилиш агентлиги ходими бириктирилади.
Шунингдек, тадбиркорларга фитосанитария сертификатини бепул бериш ва ер солиғини икки йилга бўлиб тўлаш шаклида имтиёзлар берилади. «Оилавий тадбиркорлик» дастури доирасида қишлоқ хўжалиги билан шуғулланаётган фуқароларга соддалаштирилган схема бўйича 100 миллион сўмгача кредит берилади.
Органик экин майдонларини яратувчи фермер ва деҳқонларга «Органик», «Глобал Гап», «Ҳалол» ва «Кошер» сертификатларини сотиб олиш, шунингдек, ерни лазер билан текислаш харажатлари давлат томонидан қопланади.
Мирзиёев маҳсулотларни хорижга сотишга алоҳида эътибор қаратди. Унинг таъкидлашича, бу йил Уммон Султонлигининг йирик савдо тармоқларида Ўзбекистон маҳсулотлари учун алоҳида раста ажратилиб, илк бор гилос, шафтоли ва ўрик экспорти йўлга қўйилди. Расмийларга Малайзия, Саудия Арабистони, БАА, Қатар, Сингапур, Жанубий Корея, Япония ва Европа давлатларида ҳам шундай савдо тизимини ташкил этиш вазифаси юклатилди.