Тошкентда Осиё ёшлар ўйинлари ўтказилмайдиган бўлди

Пост. ООК матбуот хизмати фотосурати

Осиё Олимпия Кенгаши (ООК) 2025 йилги III Осиё ёшлар ўйинлари Тошкентдан Баҳрайнга ўтказилишини эълон қилди. Бу ҳақда ООК матбуот хизмати ижтимоий тармоқларда маълум қилди.

Бу ҳақдаги қарор ООК Ижроия қўмитасининг 2 декабрь куни бўлиб ўтган йиғилишида қабул қилинган. Спорт эксперти Алишер Никимбаев таъкидлашича, бундай қарорнинг сабаблари расман айтилмаган.

«Объектларни молиялаштириш ёки қуриш билан боғлиқ муаммолар ҳақида тахмин қилиш мумкин. Аммо бу қарор мамлакатимиз учун жуда нохушдир», — деб ёзади эксперт.

Шунингдек, Тошкентда ўтказилиши керак бўлган V Параосиё ўйинлари ҳам бекор қилинган. Ушбу мусобақалар қаерда бўлиб ўтиши ҳозирча аниқланмаган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил ноябрь ойида мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси (МОҚ) раҳбари этиб тайинланган эди. 30 ноябрь куни ООК сайти Ўзбекистон спорт вазири Адҳам Икромов, Ўзбекистон МОҚ вице-президенти Отабек Умаров ва ташкилот бош котиби Ойбек Қосимовлар Тошкентдаги спорт иншоотларини бориб кўришгани ва федерациялар раҳбарлари билан учрашувлар ўтказгани ҳақида хабар берганди.

Ўзбекистон 2019 йили 2025 йилги Осиё ўйинларига мезбонлик қилиш ҳуқуқини қўлга киритганди. Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 8 августдаги мусобақалар ўтказишга тайёргарлик кўриш борасида қарор қабул қилганди. Шавкат Мирзиёев 2022 йил ноябрь ойида умумий қиймати 289 миллион доллар бўлган Олимпия шаҳарчаси пойдеворига биринчи тош қўйганди. Олимпия шаҳарчаси Осиё ўйинлари арафасида фойдаланишга топширилиши керак эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Янги йил арчаси ёқилди

  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди