Бош вазир ўринбосари Ҳанафий бошчилигидаги толиблар делегацияси Бухоро ва Самарқандга ташриф буюрди

Чапда — Абдулла Арипов, ўнгда — Абдул-Салом Ҳанафий. qalampir.uz сайти фотосурати

Афғонистон Муваққат ҳукумати Бош вазирининг маъмурий масалалар бўйича ўринбосари вазифасини бажарувчи Абдул-Салом Ҳанафий бошчилигидаги «Толибон»* ҳаракати делегацияси Ўзбекистонга ташриф буюрди. Бу ҳақда TOLOnews хабар берди.

Делегация 30 ноябрь куни етиб келган. Ҳанафий Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов, унинг ўринбосари Жамшид Хўжаев, шунингдек, Бош муфтий Нуриддин Холиқназаров билан учрашган. Томонлар сиёсий, иқтисодий ва маданий алоқаларни мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилганлар. Толиблар Тошкент билан турли соҳаларда ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга умид билдирган.

Жумладан, AmuTV телеканалининг хабар беришича, Жамшид Хўжаев билан учрашувда Ҳанафий Ўзбекистонни тоғ-кон, савдо, қишлоқ хўжалиги ва транспорт каби соҳаларда ҳамкорликни чуқурлаштиришга чақирган. Хўжаев Ўзбекистон Афғонистон билан конларни ўзлаштириш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, савдо-сотиқ ва юклар транзитини осонлаштириш бўйича қўшма ташаббуслар доирасида ҳамкорлик қилишга тайёрлигини таъкидлаган.

Qalampir.uz хабарига кўра, толиблар делегацияси Ўзбекистон Президентининг Афғонистондаги махсус вакили Исматилла Иргашев ҳамроҳлигида Бухорога ташриф буюрган.

«Ўзбекистон расмийлари ҳозирча учрашув бўйича изоҳ бергани йўқ. Бу Ҳанафий номи БМТ қора рўйхатига киритилгани фонида содир бўлди, яъни унинг хорижга чиқиши тақиқланган», — дея таъкидлайди AmuTV.

Ушбу хабар тайёрланаётганда фақат Самарқанд вилояти ҳокимлиги Ўзбекистонда бўлиб турган толиблар делегацияси 2 декабрь куни Самарқандга ташриф буюрганини маълум қилди.

*РФ ва кўпгина давлатларда террорчи сифатидан тан олинган ва тақиқланган ташкилот (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Янги йил арчаси ёқилди

  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди