Ўзбекистонда энергетика соҳасида умумий қиймати 7,2 млрд доллар бўлган 24 та лойиҳа ишга туширилди

Шавкат Мирзиёев 18 та энергетика объектини ишга туширишга ва 6 та янги лойиҳа қурилишига старт берди. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 13 декабрь куни бўлиб ўтган тантанали маросимда умумий қиймати 7,2 миллиард доллар бўлган 24 та лойиҳани ишга туширди, шундан 18 таси фойдаланишга топширилди, яна олтитаси қурилиши бошланди, деб хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Хусусан, Бухоро, Навоий, Наманган ва Тошкент вилоятларида умумий қуввати қарийб 2,3 ГВт бўлган бешта қуёш ва шамол электр станциялари ҳамда бешта юқори кучланишли подстанциялар тармоққа уланди.

Андижон ва Фарғонада 300 мегаваттли энергия сақлаш тизими барпо этилди.

Қашқадарёда 400 мегаваттли электр станцияси, Тошкент шаҳрида замонавий когенерация қурилмаси, Андижон, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида 4 та кичик ГЭС шай ҳолатга келтирилган.

Шунингдек, Фарғона, Самарқанд, Навоий, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 2,5 минг мегаваттли 6 та электр иншооти қурилиш арафасида.

«Ушбу янги лойиҳалар орқали келгуси йилларда қўшимча 9,5 миллиард киловатт соат электр ишлаб чиқарилиб, 2,5 миллиард куб метр табиий газ тежалади, 4,6 миллион тонна зарарли газлар чиқишининг олди олинади. Энг муҳими,

4 миллиондан зиёд хонадон узлуксиз тоза энергия билан таъминланади», — дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

2025 йили Ўзбекистонда жами 84 миллиард киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Бу 2016 йилга нисбатан 25 миллиард киловатт соат ёки 1,5 баробар кўпдир.

Маросимда Президент Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлаб, бу лойиҳаларнинг барчаси тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобига қурилаётганини алоҳида таъкидлади. Шу муносабат билан, Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони, Туркия, Хитой ва Германия компанияларига, Осиё тараққиёт банки, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки, Ислом тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Жаҳон банкига ҳамкорлик учун миннатдорлик билдирди.

Мирзиёев энергетика соҳасидаги ишларнинг устувор йўналишларини белгилаб берди.

Биринчидан, 2030 йилга қадар яна 19 минг мегаватт “яшил қувват”ларни барпо этилиб, қайта тикланувчи энергия улуши 54 фоизга етказилади. Келгуси 2 йилда хусусий тадбиркорлар билан бирга 2 мингдан ортиқ кичик ва микро ГЭСлар ташкил қилиш бўйича катта дастур амалга оширилади.

Иккинчидан, электр энергия бозорини эркинлаштириш бўйича навбатдаги қадамлар қўйилад. Хусусан, келгуси йил якунига қадар рақобатли савдолар орқали электр энергияси улгуржи бозори яратилади. Давлат-хусусий шериклик тақсимлаш тармоқларига ҳам жорий қилиниб, уларни модернизация қилиш учун 4 миллиард доллар инвестиция жалб этилади. Бу борада Самарқанд ҳудудий электр тармоқларини хусусий бошқарувга бериш бўйича илк лойиҳа ишлаб чиқилиб, халқаро тендер эълон қилинди.

Учинчидан, «яшил энергетика» йўналишида минтақавий ва халқаро ҳамкорлик кенгайтирилади. Бу борада биринчи амалий қадамлар қўйилди – COP29 доирасида Қозоғистон, Озарбайжон ва Саудиялик ҳамкорлар билан «яшил энергия»ни Европа минтақасига экспорт қилиш бўйича битим имзоланди.

Тўртинчидан, «яшил энергетика» бошқа соҳа ва тармоқларнинг ривожи, аҳоли турмуш даражаси яхшиланиши учун янги драйверга айланмоқда. Хусусан, аҳоли ва тадбиркорлар томонидан 1 минг мегаваттли қуёш панеллари ўрнатилиб, йилига 1,5 миллиард киловатт соат электр энергияси олинмоқда. Бундай ишлар изчил рағбатлантирилади, дуал таълим асосида мутахассислар тайёрланади.

«Бугунги тадбир юртимиз энергетика тарихида янги саҳифа очади. Bшга туширилаётган бу лойиҳалар орқали нафақат иқтисодий ўсишга эришамиз, балки келажак авлодларимиз учун яшил ва барқарор Ўзбекистоннинг мустақил пойдеворини яратамиз», – деди Шавкат Мирзиёев.

Унинг сўзларига кўра, сўнгги беш йилда Ўзбекистонда энергетика соҳасига қарийб 20 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар кириб келган. Аввал тўлиқ давлат тасарруфида бўлган бу тизимда 24 та мустақил энергия ишлаб чиқарувчи фаолият бошлаган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ