Қирғизистон президенти диний соҳани тартибга солиш тўғрисидаги қонунларни имзолади

Садир Жапаров. president.kg сайти фотосурати

Қирғизистон президенти Садир Жапаров «Эътиқод эркинлиги ва диний бирлашмалар тўғрисида»ги ва «Қирғизистон Республикасининг диний соҳадаги айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонунларни имзолади. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, қонунларда мамлакат Конституцияси ва халқаро стандартларга мувофиқ диний эътиқод эркинлигини амалга ошириш кафолатлари белгиланган. Улар диний фаолият субъектларининг мақоми, ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилайди, шунингдек, уларнинг фаолияти билан боғлиқ юзага келадиган муносабатларни тартибга солади.

«Эътиқод эркинлиги ва диний бирлашмалар тўғрисида»ги қонуннинг асосий қоидаларидан:

👉 концептуал аппаратни кенгайтириш;

👉 давлат ва диний ташкилотлар ўртасидаги ўзаро муносабатларни аниқ тартибга солиш;

👉 диний ташкилотлар фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш қоидаларини такомиллаштириш;

👉 диний фаолиятда тақиқланган ҳаракатлар рўйхатини белгилаш;

👉 диний таълим масалаларини тартибга солиш;

👉 дин ишлари бўйича ваколатли давлат органининг ҳуқуқий мақомини белгилаш.

«Қирғизистон Республикасининг диний соҳадаги айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонун бир қатор ҳаракатлар учун жавобгарликни белгилайди, жумладан:

▶️ жамоат жойларида фуқаронинг шахсини аниқлашга имкон бермайдиган кийим кийиш.

▶️ виждон ва диний эътиқод эркинлиги ҳуқуқини амалга оширишга руҳий ёки жисмоний босим ёрдамида тўсқинлик қилиш.

▶️ Қариялар уйлари, ахлоқ тузатиш муассасалари ва ҳарбий қисмларда дин арбобларини таклиф қилган ҳолда диний тадбирлар ўтказиш.

▶️ диний ташкилотларнинг давлат органлари фаолиятига аралашуви.

▶️ жамоат жойлари ва таълим муассасаларида диний адабиётларни тарқатиш.

«Сиёсий партиялар тўғрисида»ги қонун диний асосда партиялар тузиш ва уларни хорижий юридик ва жисмоний шахслар томонидан молиялаштирилишини тақиқлашни ўз ичига олади.

Бундан ташқари, маҳаллий кенгашлар ва Жогорку Кенеш (Қирғизистон парламенти) депутатларининг мақоми тўғрисидаги қонунларга давлат хизматининг диний фаолият билан мос келмаслигига оид ўзгартиришлар киритилди.