АҚШ томонидан молиялаш тўхтатилгани боис Афғонистондаги ўнлаб касалхоналар ёпилди

aa.com.tr сайти фотосурати

Афғонистоннинг Ғазна вилоятидаги ўнлаб тиббиёт муассасалари АҚШ президенти Дональд Трамп томонидан тегишли лойиҳаларга ёрдам музлатиб қўйилганидан сўнг ёпилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимияти ToloNewsга маълум қилган.

Ғазна вилояти ахборот ва маданият бошқармаси бошлиғи Ҳамидулла Нисорга кўра, молиялаштиришнинг тўхтатилиши 15 клиника, учта кўмак ва иккита тез ёрдам марказининг ёпилишига олиб келган. Бундан ташқари, 17 та кўчма бригада ўз фаолиятини қисқартирган. Аҳолига тиббий хизмат кўрсатиши мумкин бўлган 39 та муассаса ёпилган. Бундан ташқари, уларнинг аксарияти чекка ҳудудларда фаолият юритган.

Ғазна аҳолиси очиқдан-очиқ норозилик билдириб, тиббий хизматларни қайта тиклашни талаб қилишмоқда. ToloNews суҳбатдошларидан бири соғлиқни сақлаш ва маориф санкциялар қўлланилмаслиги лозим бўлган соҳалар эканини айтган.

Ўз навбатида, маҳаллий масъуллар толиблар* ҳукумати муаммони ички молиялаштириш ёки муқобил донорлар излаш йўли билан ҳал қилишга уринаётганига аниқлик киритади. Расмийнинг сўзларига кўра, ҳозирда бошқа ташкилот билан яқинда ёпилган ўнта клиникада фаолиятини давом эттириш бўйича келишувга эришилган. Аммо янги лойиҳа тафсилотлари келтирилмаган.

Шу билан бирга, Бомиён вилояти ҳам жабр кўраётгани маълум бўлган. Бу ерда Америка ёрдами тўхтатилгани сабабли иккита йирик тиббиёт маркази ёпилган. Бироқ, губернатор матбуот хизмати журналистларга маълум қилишича, «Толибон» саъй-ҳаракати туфайли ушбу муассасалардан бири яна беморларни қабул қила бошлаган.

Трампнинг хорижий ёрдамни музлатиш қарори Норвегия қочқинлар кенгаши ва Норвегия халқ ёрдами фаолиятига ҳам таъсир қилган. Маълум бўлишича, тузилмалар қисман АҚШ Давлат департаменти томонидан молиялаштирилган ва бу дунёнинг кўплаб мамлакатларида, жумладан Афғонистонда ҳам лойиҳаларнинг тўхтатилишига олиб келган.

Умуман олганда, мамлакат Иқтисодиёт вазирлиги 50 дан ортиқ гуманитар ташкилотлар фаолиятини тўхтатганини маълум қилган. Вазирлик хавфсизлик, одамлар қурбонлиги олдини олиш, қашшоқликни камайтириш ва экологик муаммоларни ҳал қилиш билан боғлиқ лойиҳаларни сиёсийлаштирмаслик ва қайтадан бошлаш кераклигини таъкидлаган.

Таъкидлаш жоиз, Афғонистон Америка ёрдами ҳажми бўйича Марказий Осиёда етакчи ўринни эгаллаган давлат эди. Масалан, ҳозирда фаолиятини тўхтатган Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ҳисоботларига назар солинса, 2024 йили афғонлар АҚШдан қарийб 750 миллион доллар миқдорида кўмак олган. Ҳисобот даврида минтақанинг бешта постсовет республикаси ҳудудида амалга оширилган лойиҳаларга киритилган сармоя 160 миллион доллардан зўрға ошган.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ