Туркманистон Межилиси (парламенти) қарори билан Ашхобод ҳудудининг 65 гектар қисми янги Аркадаг шаҳрига ўтказилди. Бу ҳақда «Золотой век» нашри хабар берди.
Ерлар «шаҳар хўжалигини янада ривожлантириш, ташкил этиш ва бошқариш соҳасида мақбул шарт-шароитлар яратиш мақсадида» Аркадаг ҳокимияти илтимосига биноан берилган.
ℹ️ Аркадагнинг қурилиши 2019 йил апрель ойида бошланган. Шаҳарнинг очилиш маросими 2023 йил июнь ойида бўлиб ўтган. Шу билан бирга, шаҳар ҳокимлигига 21 та халқаро сертификатлар, жумладан, «Турк дунёсининг биринчи ақлли шаҳри» сертификати топширилган.
Туркманистон ҳукумати Аркадагни «смартфон орқали бошқариладиган «ақлли» турар-жой биноларига эга, байроқ ўрнатилган майдон, ҳокимлик ва бошқа муассасалар, театр, кутубхона, шифохона, музейлар ва таълим муассасалари барпо этилган» шаҳар сифатида тақдим этади.
Аркадаг майдони 732 гектар, аҳолиси 40,5 минг кишидан иборат.